NaNa Law Library세계 법령포털

UZ · resolution · uz-Cyrl

Автомототранспорт воситаларини сотиб олиш, улардан фойдаланиш ва уларни бошқа шахсга беришни тартибга солишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида

Exact official unit/page title: 38-сон 07.03.2006. Автомототранспорт воситаларини сотиб олиш, улардан фойдаланиш ва уларни бошқа шахсга беришни тартибга солишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида. Official consolidated HTML snapshot retrieved 2026-10-25; exact consolidated edition and current-force status not independently verified. Source publication references: (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2006 й., 10-сон, 77-модда; 2008 й., 43-сон, 434-модда; 2009 й., 17-сон, 214-модда; 2010 й., 13-сон, 98-модда; 2011 й., 7-8-сон, 65-модда; 2013 й., 37-сон, 485-модда; 2016 й., 52-сон, 603-модда; 2017 й., 33-сон, 864-модда; Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 25.10.2018 й., 09/18/863/2098-сон; Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 16.10.2019 й., 09/19/876/3927-сон; 19.11.2019 й., 09/19/915/4033-сон; 29.12.2019 й., 09/19/1046/4242-сон; 15.04.2020 й., 09/20/217/0426-сон; Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 27.07.2021 й., 09/21/464/0710-сон, 12.08.2021 й., 09/21/513/0787-сон; 05.04.2022 й., 09/22/153/0266-сон; 23.12.2024 й., 09/24/859/1047-сон; 25.08.2025 й., 09/25/535/0776-сон; 25.12.2025 й., 09/25/821/1211-сон)

Official source / 공식 원문

Publisher
LexUZ — National Database of Legislation of the Republic of Uzbekistan, Ministry of Justice
Retrieved
2026-10-25T07:13:47.794477Z
Reuse
Law No OʻRQ-42 of 20 July 2006, Article 8: official documents (laws, decisions and similar) and their official translations are not copyright objects. Copyright exclusion has no noncommercial or no-derivatives limitation. Applies only to statutory text; database design, commentary, indices, and editorial additions excluded. · Reuse terms
Source SHA-256
ce66b9c4c5853c9a5c1451371f34774e3297d5815b631129dd61416c8f7dc1d3
Text SHA-256
017e4d83b051c85b323921ab6cdae873716226e16cefed45216a7205d670bbb9

Source: LexUZ, National Database of Legislation of Uzbekistan (Ministry of Justice). Official issuer/signature: Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири Ш. МИРЗИЁЕВ. Source URL: https://lex.uz/acts/973690. Converted HTML to original-language plain text; editorial annotations and site design excluded; no translation.

Reuse conditions

Changes: Official HTML response converted to original Uzbek Cyrillic UTF-8/LF plain text. Navigation, scripts, design, COMMENT/COMMENTLEXUZ, CHANGES_ORIGINS, INDEXES, EXPLANATION and editorial publication formatting excluded. Official statutory text and text annexes retained. No translation, summarization or OCR.

Original-language source text; no translation. HTML text extraction may not preserve tables, forms or reading order. Independent, unofficial reproduction. Check the official source for legal force, version and complete formatting.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг

қарори

Автомототранспорт воситаларини сотиб олиш, улардан фойдаланиш ва уларни бошқа шахсга беришни тартибга солишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида

Автомототранспорт воситаларини сотиб олиш, улардан фойдаланиш ва уларни бошқа шахсга беришни ҳамда уларни расмийлаштиришни янада тартибга солиш, автомототранспорт воситалари билан битишувларни содир этишда фуқаролар ва юридик шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари ҳимоя қилинишини таъминлаш ҳамда жиноятчиликнинг олдини олиш ва ҳуқуқ-тартиботни мустаҳкамлаш чора-тадбирларини кучайтириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:

1. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ва Ички ишлар вазирлиги раҳбариятига автомототранспорт воситалари билан боғлиқ ишончномалар ва битишувларни расмийлаштиришнинг белгиланган тартибини таъминлаш, белгиланган қоидаларга сўзсиз риоя этилишини таъминлаш бўйича шахсий жавобгарлик юклансин.

Белгиланган тартиб бузилиши аниқланган тақдирда айбдор мансабдор шахслар жавобгарликка, зарур ҳолларда жиноий жавобгарликкача тортилсин.

2. Белгилансинки, 2008 йил 1 декабрдан бошлаб:

нотариуслар томонидан тарафларнинг хоҳишига кўра автомототранспорт воситаларидан фойдаланиш ва (ёки) уларни тасарруф этиш ишончномаларини, бошқа шахсга бериш (олди-сотди, алмаштириш, ҳадя этиш, рента), ижарага бериш, текин фойдаланиш, гаровга қўйиш, лизинг шартномаларини нотариал тасдиқлаш фақат «Давлат белгиси» давлат ишлаб чиқариш бирлашмаси томонидан тайёрланадиган, ҳимоя даражасига, серияга, тартиб рақамига ва ҳудудий кодга эга бўлган қатъий ҳисобот бериладиган гербли (махсус) бланкаларда амалга оширилади;

нотариал тасдиқланган бошқа шахсга бериш шартномалари рўйхатдан ўтказилиши керак, фойдаланиш ва (ёки) тасарруф этиш ҳуқуқига ишончномалар ва ижарага бериш, текин фойдаланиш, гаровга қўйиш, лизинг шартномалари эса Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг ДЙҲХХ органларида ҳисобга қўйилиши керак

3. Белгилаб қўйилсинки, автомототранспорт воситаларидан фойдаланиш ва уларни тасарруф этиш ҳуқуқига олдин берилган ишончномалар мазкур қарорга мувофиқ улар амал қилишининг қолган муддатига қайта расмийлаштирилиши керак.

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ва Ички ишлар вазирлиги кўрсатиб ўтилган ишончномалар 2007 йил 1 январгача давлат божи ундирилмасдан қайта расмийлаштирилишини таъминласинлар.

Ишончномалар қайта расмийлаштириш учун тақдим этилмаган тақдирда 2007 йил 1 январдан бошлаб ҳақиқий эмас деб ҳисобланади.

4. Автомототранспорт воситалари билан боғлиқ битимларни расмийлаштириш тартиби тўғрисидаги Низом иловага мувофиқ тасдиқлансин.

Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг ДЙҲХХ органлари айбдор шахсларни қонунда белгиланган жавобгарликка тортган ва уларни транспорт воситасини бошқаришдан вақтинча четлатган ҳолда автомобиль эгалари томонидан автомототранспорт воситаларини расмийлаштириш тартибига риоя этилиши устидан тегишли назоратни амалга оширсин.

5. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда бир ой муддатда:

қонун ҳужжатларига мазкур қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида таклифлар киритсин;

идоравий норматив ҳужжатларни мазкур қарорга мувофиқлаштирсин.

6. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Адлия вазири Б. Мустафоев ва Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазири Б. Матлюбов зиммасига юклансин.

Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири Ш. МИРЗИЁЕВ

Тошкент ш.,

2006 йил 7 март,

38-сон

Вазирлар Маҳкамасининг
2006 йил 7 мартдаги 38-сон қарорига
ИЛОВА

Автомототранспорт воситалари билан боғлиқ битимларни расмийлаштириш тартиби тўғрисидаги

НИЗОМ

1. Ушбу Низом автомототранспорт воситаларидан фойдаланиш ва (ёки) уларни тасарруф этиш ишончномаларини, бошқа шахсга бериш (олди-сотди, алмаштириш, ҳадя этиш, рента), ижарага бериш, текин фойдаланиш, гаровга қўйиш, лизинг шартномаларини (кейинги ўринларда «автомототранспорт воситалари билан боғлиқ битимлар» деб юритилади) расмийлаштириш тартибини белгилайди.

2. Мазкур Низомнинг амал қилиши:

юридик шахслар томонидан мазкур юридик шахсларнинг ходимларига автотранспорт воситаларидан фойдаланишга ишончномалар берилиши ҳолларига;

транспорт воситаси эгасининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш бўйича суғурта полисида кўрсатилган транспорт воситаси эгасининг яқин қариндошларига (ота-она, эр (хотин), болалар, ака-укалар, опа-сингиллар) транспорт воситасидан фойдаланиш ва бошқаришни бериш ҳолларига;

енгил автомобилларни, мототранспорт воситаларини ижарага бериш хизматлари кўрсатувчи юридик шахслар ҳамда жисмоний шахслар ўртасида енгил автомобилларни ва мототранспорт воситаларини, шунингдек каршеринг ташкилотлари йўловчилар автотранспорти ва мототранспорт воситаларини жисмоний ва юридик шахсларга ўттиз кунгача муддатга қисқа муддатли ижарага бериш юзасидан оддий ёзма шартномалар тузиш ҳолларига;

Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати органларида (кейинги ўринларда ДЙҲХХ деб аталади) рўйхатдан ўтказилмайдиган транспорт воситаларига татбиқ этилмайди.

3. Автомототранспорт воситалари билан боғлиқ битимлар нотариуслар томонидан нотариал тартибда тасдиқланиши керак. Автомототранспорт воситаларини:

автомототранспорт воситаларини ишлаб чиқарувчи корхоналар, уларнинг дистрибютор ва дилер ташкилотлари, шунингдек, дистрибютор ташкилотларининг дилерлик ташкилотлари;

лизинг шартномалари бўйича лизинг хизматлари кўрсатадиган ташкилотлар (енгил автотранспорт воситалари лизингидан ташқари);

юридик шахслар билан лизинг шартномалари бўйича мамлакатимизда ишлаб чиқарилган енгил автотранспорт воситаларини камида 2,0 млрд сўм миқдорида устав капиталига эга бўлган кредит ташкилотлари ва асосий фаолият тури лизинг ҳисобланган ташкилотлар;

фуқаролар ва юридик шахслар томонидан дистрибютор ва дилер ташкилотларига, шу жумладан, «TRADE-IN» ва «TRADE-UP» дастурлари бўйича;

дистрибютор ва дилер ташкилотлари томонидан илгари фойдаланишда бўлган автомототранспорт воситаларини сотишда;

Давлат активларини бошқариш агентлиги ва унинг ҳудудий бўлинмалари, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси ҳудудий бошқармаларининг туман (шаҳар) бўлимлари давлат ижрочилари томонидан белгиланган тартибда электрон онлайн-аукционларда сотиш ҳолатлари бундан мустасно.

«Нотариат тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига мувофиқ автомототранспорт воситаларидан фойдаланиш ва уларни тасарруф этиш ҳуқуқига ишончномалар белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикаси консуллик муассасалари консуллари томонидан ҳам тасдиқланади.

4. Ўзбекистон Республикаси ҳудудига бошқа давлатлардан олиб келинган автомототранспорт воситалари билан боғлиқ битимлар тузиш улар божхона органларида расмийлаштирилгандан ва ДЙҲХХ органларида рўйхатдан ўтказилгандан кейин амалга оширилади.

5. ДЙҲХХ органларида рўйхатдан ўтмаган автомототранспорт воситаларининг бозорларда олди-сотдиси ва айирбошланиши, шунингдек автомототранспорт воситаларини биржалар орқали сотиш тақиқланади.

6. Автомототранспорт воситалари билан боғлиқ битимларни нотариал тартибда тасдиқлаш мазкур Низомда белгиланган хусусиятлар ҳисобга олинган ҳолда Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексига, «Нотариат тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига, бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга мувофиқ амалга оширилади.

7. Нотариуслар томонидан автомототранспорт воситалари билан боғлиқ битимларни тасдиқлаш (тасарруф этиш ҳуқуқисиз ишончномалар бундан мустасно) дистрибютор ва дилер ташкилотлари томонидан илгари фойдаланишда бўлган автомототранспорт воситаларининг олди-сотди шартномасини, шу жумладан, «TRADE-IN» ва «TRADE-UP» дастурлари бўйича олди-сотди шартномасини расмийлаштириш бошқа шахсга бериш тақиқланмаганлиги ва хатлаб қўйилмаганлиги текширилгандан кейин амалга оширилади.

Нотариуслар томонидан автомототранспорт воситасини бошқа шахсга бериш тўғрисидаги шартномани расмийлаштириш давомида мурожаат қилувчилар томонидан автомототранспорт воситалари агрегатлар рақамларининг рўйхатдан ўтказиш рақамларига мувофиқлиги юзасидан кўздан кечирилади ва бу ҳақда шартномада акс эттирилади.

Дистрибютор ва дилер ташкилотлари томонидан илгари фойдаланишда бўлган автомототранспорт воситаларининг олди-сотди шартномасини, шу жумладан, улар томонидан «TRADE-IN» ва «TRADE-UP» дастурлари бўйича олди-сотди шартномасини расмийлаштиришга қадар автомототранспорт воситалари сотиб олувчининг танловига кўра, хоҳлаган ДЙҲХХ органларида агрегатлар рақамлари рўйхатдан ўтказиш рақамларига мувофиқлиги юзасидан кўздан кечирилиши лозим. Бунда агрегатлар рақамларининг рўйхатдан ўтказиш рақамларига мувофиқлиги юзасидан маълумотнома тақдим этилади ҳамда ушбу маълумотнома кўздан кечирган мансабдор шахснинг фамилияси, исми ва отаси исмининг бош ҳарфлари, кўздан кечирилган сана кўрсатилган ва мансабдор шахс имзоси қўйилган ҳолда штамп билан тасдиқланади. Маълумотнома 10 кун мобайнида амал қилади.

Автомототранспорт воситаси кўздан кечирилганлиги учун тўлов ундирилмайди.

8. Тарафларнинг хоҳишига кўра автомототранспорт воситалари билан боғлиқ битимларни нотариал тартибда тасдиқлаш фақат қатъий ҳисобда турадиган, ҳимоя даражасига, серияга, тартиб рақамига ва ҳудудий кодга эга бўлган гербли (махсус) бланкаларда амалга оширилади. Бунда ишончнома бўйича ишончли шахсга, бошқа шахсга бериш шартномаси бўйича сотиб олувчига ва ижарага бериш шартномаси бўйича ижарага олувчига, текин фойдаланиш шартномаси бўйича ссуда олувчига, гаров шартномаси бўйича пул берувчига, лизинг шартномаси бўйича лизинг олувчига берилиши керак бўлган биринчи нусха тарафларнинг хоҳишига кўра гербли (махсус) бланкада расмийлаштирилади. Агар ишончнома биттадан ортиқ ишончли шахсга берилган тақдирда, у ишончли шахслар сони бўйича тарафларнинг хоҳишига кўра гербли (махсус) бланкада расмийлаштирилади. Қолган нусхаларда гербли (махсус) бланканинг серияси, тартиб рақами ва ҳудудий коди кўрсатилади.

9. Гербли (махсус) бланкалардаги ишончномалар ва битимлар нотариал тартибда тасдиқланганлиги учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 10 фоизи миқдорида герб йиғими ундирилади.

Герб йиғимидан тушадиган маблағлар қуйидаги тартибда тақсимланади:

50 фоизи — туманлар ва шаҳарлар бюджетлари даромадига;

50 фоизи –Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг ғазначилик ҳисоб рақамларига ўтказилади ва гербли бланкалар тайёрлашга ҳамда бошқа шахсга бериш тақиқланган ва хатлаб қўйилган автомототранспорт воситалари тўғрисидаги электрон маълумотлар банкини яратишга, шунингдек адлия органлари ва муассасаларининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш ва ходимларини моддий рағбатлантириш тадбирларига мақсадли тартибда сарфланади.

Гербли (махсус) бланкалар Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан тасдиқланадиган шакл бўйича «Давлат белгиси» давлат-ишлаб чиқариш бирлашмаси томонидан тайёрланади.

10. Нотариуслар томонидан тасдиқланган автомототранспорт воситаларини бошқа шахсга бериш шартномалари, шунингдек автотранспорт воситаларини дистрибютор ёки дилер ташкилотлари ва кимошди савдолари орқали сотиш шартномаси (баённома) Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг «Автомототранспорт воситаларини рўйхатдан ўтказиш, қайта рўйхатдан ўтказиш, уларнинг ҳисобини олиб бориш, миллий давлат рақами белгиларини бериш ва уларни алмаштириш ишларини тартибга солиш ҳақида» 1997 йил 26 майдаги 256-сон қарорига мувофиқ бир вақтнинг ўзида автотранспорт воситасини рўйхатдан ўтказган ва ҳисобдан чиқарган ҳолда сотиб олувчининг яшаш жойидаги (турган жойидаги) ДЙҲХХ органларида рўйхатдан ўтказилиши керак.

Автотранспорт воситаларини 18 ёшга тўлмаган шахсларга, мототранспорт воситаларини 16 ёшга тўлмаган шахсларга истисно тариқасида рўйхатдан ўтказишда рўйхатдан ўтказиш гувоҳномаси ушбу шахсларга расмийлаштирилади, гувоҳномага ва автомототранспорт воситаларини рўйхатга олиш карточкасига: «Транспорт воситаси эгаси 18 (16) ёшга тўлгунга қадар васийлик ва ҳомийлик органларининг ёки уларнинг қонуний вакилларининг (ота-оналари, фарзандликка олувчилар ва ҳомийларнинг) рухсатисиз автомототранспорт воситалари билан боғлиқ битимлар тузиш тақиқланади» ёзуви киритилади.

Нотариуслар томонидан тасдиқланган автомототранспорт воситалари билан боғлиқ битимлар (дистрибютор ёки дилер ташкилотлари ва кимошди савдолари орқали сотиш бўйича бошқа шахсга бериш шартномалари, шартномалар (баённомалар) бундан мустасно) Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги томонидан белгиланган тартибда автомототранспорт воситаси рўйхатга олинган жойдаги ДЙҲХХ органларида ҳисобга қўйилиши керак»;

101. Автомототранспорт воситаларидан фойдаланиш ва (ёки) уларни тасарруф этиш ишончномаларида ишончнома берилган шахсда ушбу автотранспорт воситасини чет элга олиб чиқиш ҳуқуқи мавжуд ёки мавжуд эмаслиги ҳақидаги ёзув алоҳида кўрсатилиши шарт.

11. Нотариуслар томонидан тасдиқланган автомототранспорт воситалари билан боғлиқ битимлар нотариал тартибда тасдиқланган пайтдан бошлаб 10 кун мобайнида ДЙҲХХ органларида рўйхатга олиш (ҳисобга қўйиш) учун тақдим этилади.

Нотариуслар томонидан автотранспорт воситасини бошқа шахсга бериш тўғрисидаги шартномалар билан боғлиқ маълумотлар ДЙҲХХнинг электрон маълумотлар базасига «ягона дарча» тамойили асосида автоматик равишда юборилади.

ДЙҲХХ органлари тегишли нотариал идоралардан уларга нисбатан автомототранспорт воситалари билан битимлар тасдиқланган автомототранспорт воситаларига тегишли тезкор маълумотларни олиш йўли билан автомототранспорт воситалари билан боғлиқ битимлар автомобиль эгалари (ижарага олувчилар ва ишончли шахслар) томонидан ДЙҲХХ органларида ўз вақтида рўйхатдан ўтказилиши (ҳисобга қўйилиши) бўйича талабларга риоя қилиниши устидан назоратни амалга оширади.

Автомототранспорт воситаларини мазкур банд талабларини бузган ҳолда бошқариш қонунчиликка мувофиқ ҳайдовчилар транспорт воситасини бошқаришдан вақтинча четлатилган ҳолда уларни маъмурий жавобгарликка тортишга олиб келади.

12. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан гербли бланкалар бўйича ҳар ойлик ҳисобот юритилади.

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ва Ички ишлар вазирлиги йилнинг ҳар чорагида тасдиқланган автомототранспорт воситалари билан боғлиқ битимлар бўйича таққослаш ўтказади.

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги нотариал идораларида автомототранспорт воситаларини бошқа шахсга бериш ва тақиқланганлиги ва хатлаб қўйилганлиги тўғрисидаги маълумотлар банки (ҳужжатли) шакллантирилишини таъминлайди. Маълумотлар банкини шакллантирадиган нотариал идоралари рўйхати тегишли равишда Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар адлия бошқармалари томонидан тасдиқланади.

Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар адлия бошқармалари томонидан ДЙҲХХ органлари билан биргаликда қўшимча равишда тегишли ҳудуд бўйича бошқа шахсга бериш тақиқланган ва хатлаб қўйилган автомототранспорт воситалари тўғрисидаги электрон маълумотлар банки юритилади.

Автомототранспорт воситаларини бошқа шахсга бериш тақиқланиши ва тақиқ олиб ташланиши, шунингдек бошқа шахсга бериш тақиқланган ва хатлаб қўйилган автомототранспорт воситалари тўғрисидаги маълумотлар банкини шакллантириш тартиби бошқа манфаатдор идоралар билан келишган ҳолда Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан Ички ишлар вазирлиги билан биргаликда тасдиқланади.

13. Мазкур Низомни бузишда айбдор бўлган шахслар қонунчиликка мувофиқ жавоб беради.

14. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Адлия вазирлиги билан биргаликда мазкур Низом талабларини тушунтириш ва автомототранспорт воситалари эгалари эътиборига етказиш тадбирларини ишлаб чиқади ва амалга оширади.

15. Мазкур Низом 2006 йил 1 июлдан бошлаб кучга киради.

Main index

More Apps