NaNa Law Library세계 법령포털

UZ · resolution · uz-Cyrl

Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Йирик саноат корхоналари билан касаначиликни ривожлантириш асосидаги ишлаб чиқариш ва хизматлар ўртасида кооперацияни кенгайтиришни рағбатлантириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2006 йил 5 январдаги ПФ-3706-сон Фармонини амалга ошириш ҳақида

Exact official unit/page title: 4-сон 11.01.2006. Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Йирик саноат корхоналари билан касаначиликни ривожлантириш асосидаги ишлаб чиқариш ва хизматлар ўртасида кооперацияни кенгайтиришни рағбатлантириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2006 йил 5 январдаги ПФ-3706-сон Фармонини амалга ошириш ҳақида. Official consolidated HTML snapshot retrieved 2026-10-25; exact consolidated edition and current-force status not independently verified. Source publication references: (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2006 й., 2-сон, 9-модда; 2008 й., 33-сон, 318-модда; 2010 й., 13-сон, 96-модда, 23-сон, 182-модда; 2013 й., 37-сон, 485-модда; 2017 й., 33-сон, 863-модда; Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 11.08.2019 й., 09/19/661/3571-сон; 20.12.2019 й., 09/19/1014/4173-сон; 29.12.2019 й., 09/19/1046/4242-сон; 06.04.2021 й., 09/21/183/0283-сон; Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 08.02.2022 й., 09/22/62/0111-сон, 05.04.2022 й., 09/22/153/0266-сон; 25.07.2023 й., 09/23/307/0519-сон)

Official source / 공식 원문

Publisher
LexUZ — National Database of Legislation of the Republic of Uzbekistan, Ministry of Justice
Retrieved
2026-10-25T07:05:16.541655Z
Reuse
Law No OʻRQ-42 of 20 July 2006, Article 8: official documents (laws, decisions and similar) and their official translations are not copyright objects. Copyright exclusion has no noncommercial or no-derivatives limitation. Applies only to statutory text; database design, commentary, indices, and editorial additions excluded. · Reuse terms
Source SHA-256
71e6385007596f11b0d5d81e87f473cad0745f636f3faf4df54171bef91615bb
Text SHA-256
7ea7211f0a57e24e694a4c065fae24a215adb92a5da104cc27fe3269720d4f83

Source: LexUZ, National Database of Legislation of Uzbekistan (Ministry of Justice). Official issuer/signature: Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири Ш. МИРЗИЁЕВ. Source URL: https://lex.uz/acts/967547. Converted HTML to original-language plain text; editorial annotations and site design excluded; no translation.

Reuse conditions

Changes: Official HTML response converted to original Uzbek Cyrillic UTF-8/LF plain text. Navigation, scripts, design, COMMENT/COMMENTLEXUZ, CHANGES_ORIGINS, INDEXES, EXPLANATION and editorial publication formatting excluded. Official statutory text and text annexes retained. No translation, summarization or OCR.

Original-language source text; no translation. HTML text extraction may not preserve tables, forms or reading order. Independent, unofficial reproduction. Check the official source for legal force, version and complete formatting.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг

қарори

Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Йирик саноат корхоналари билан касаначиликни ривожлантириш асосидаги ишлаб чиқариш ва хизматлар ўртасида кооперацияни кенгайтиришни рағбатлантириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2006 йил 5 январдаги ПФ-3706-сон Фармонини амалга ошириш ҳақида

Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Йирик саноат корхоналари билан касаначиликни ривожлантириш асосидаги ишлаб чиқариш ва хизматлар ўртасида кооперацияни кенгайтиришни рағбатлантириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2006 йил 5 январдаги ПФ–3706-сон Фармонини амалга ошириш юзасидан ва айниқса қишлоқ жойлардаги иш билан банд бўлмаган аҳолини уйда маҳсулотлар ишлаб чиқариш, хизматлар кўрсатиш ишларини бажаришга жалб этиш учун иш берувчиларга реал рағбатлар яратиш, касаначиларнинг қонун ҳужжатларида белгиланган ижтимоий ва меҳнат кафолатларини таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:

1. Қуйидагилар:

Касаначилик тўғрисидаги низом 1-иловага мувофиқ;

Иш берувчининг буюртмаси бўйича касаначи томонидан ишларни бажариш (хизматлар кўрсатиш) учун намунавий меҳнат шартномаси 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

2. Ўзбекистон Республикаси Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги, Монополияга қарши курашиш қўмитаси, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари билан биргаликда:

2006-2007 йилларга ва кейинги йилларга мўлжалланган аҳолини иш билан таъминлаш, тадбиркорлик ва рақобатни қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш ҳудудий дастурларида касаначилик меҳнатини ривожлантиришга доир аниқ чора-тадбирларни назарда тутсинлар;

касаначилик меҳнатини ривожлантириш негизида саноат корхоналари ва хизматлар кўрсатиш ўртасида кооперацияни ривожлантириш бўйича фаолият мувофиқлаштирилишини таъминласинлар ҳамда тармоқ ва ҳудудий даражаларда улар амалга оширилишининг тизимли мониторингини олиб борсинлар. Йилнинг ҳар чорагида ҳудудлар ва умуман республикани ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунларини чиқаришда кўриб чиқиш учун меҳнатнинг касаначилик шакллари ривожланиши тўғрисидаги ахборотни тайёрласинлар.

3. Тармоқлар хўжалик бошқаруви органлари тармоқларни ривожлантириш дастурларини ишлаб чиқишда мураккаб технологиялар ва катта энергетика харажатларини талаб этмайдиган товарларни, бутловчи буюмларни ишлаб чиқариш, хизматлар кўрсатиш учун фуқароларнинг касаначилик меҳнатидан кенг фойдаланиш юзасидан аниқ чора-тадбирларни назарда тутсинлар.

4. Белгилансинки, касаначилик билан шуғулланадиган шахслар коммунал хизматларга аҳоли учун қўлланиладиган тарифлар бўйича, қонунчиликда белгиланган тартибда ҳақ тўлайдилар.

5. Ўзбекистон Республикаси Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги касаначилик меҳнати билан шуғулланаётган фуқароларга нисбатан меҳнат тўғрисидаги қонунларга риоя қилиниши устидан назоратни таъминласин.

6. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар, туманлар ва шаҳарлар ҳокимликлари:

Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Солиқ қўмитаси билан биргаликда касаначилик меҳнатидан фойдаланаётган корхоналар учун қонун ҳужжатларида белгиланган солиқ имтиёзлари берилишини таъминласинлар;

ўн кун муддатда ҳар бир туманда (шаҳарда) корхоналар билан уйда маҳсулотлар ишлаб чиқарадиган ва хизматлар кўрсатадиган фуқаролар ўртасида кооперацияни мувофиқлаштириш, қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш бўйича ҳокимларнинг молия-иқтисодиёт ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича биринчи ўринбосарлари (комиссия раиси) ҳамда Камбағалликни қисқартириш ва бандликка кўмаклашиш бўлими бошлиқлари (комиссия раисининг ўринбосари) бошчилик қиладиган ишчи комиссиялар ташкил этсинлар.

Қуйидагилар ишчи комиссияларнинг асосий вазифалари ҳисоблансин:

янги касаначилик иш ўринлари, шу жумладан касаначилик турларидан фойдаланишни кенгайтириш ҳисобига янги иш ўринлари барпо этиш учун мавжуд захираларни аниқлаш ва ишга солишда корхоналарга кўмаклашиш;

саноат корхоналари билан касаначилик ўртасидаги кооперацияни ривожлантириш, корхоналарнинг буюртмалари бўйича уйда ишлайдиган фуқароларни асбоб-ускуналар, хом ашё, материаллар, бутловчи буюмлар ва ярим тайёр маҳсулотлар билан таъминлаш учун барқарор шарт-шароитлар яратиш, шунингдек ишлаб чиқарилган маҳсулотни топшириш ва унинг учун ўз вақтида ҳақ тўлаш кафолатлари масалаларини тезкор ҳал этиш;

туманлар (шаҳарлар) ҳудудида жойлашган корхоналар бўйича касаначиликни ривожлантириш параметрлари бажарилиши мониторингини олиб бориш;

иш берувчи корхоналар томонидан касаначиларнинг ҳуқуқлари бузилган тақдирда уларга кўрсатиб ўтилган ҳуқуқлар ҳимоя қилинишида кўмаклашиш;

фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари билан яқин ҳамкорликда банд бўлмаган аҳоли сонини ва малакасини аниқлаш, шунингдек аҳолининг кўрсатиб ўтилган тоифасига кейинчалик уларни ишга жойлаштиришда кўмаклашиш.

7. Ўзбекистон Республикаси Давлат статистика қўмитаси давлат статистика ҳисоботи шаклларига корхоналар томонидан корхоналарнинг касаначилик меҳнати билан банд бўлган ходимлари сони тўғрисидаги маълумотлар тақдим этилишини киритсин.

8. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда бир ой муддатда идоравий норматив ҳужжатлар мазкур қарорга мувофиқлаштирилишини таъминласин.

9. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари В.А. Голишев зиммасига юклансин.

Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири Ш. МИРЗИЁЕВ

Тошкент ш.,

2006 йил 11 январь,

4-сон

Вазирлар Маҳкамасининг
2006 йил 11 январдаги 4-сон қарорига
1-ИЛОВА

Касаначилик тўғрисида

НИЗОМ

Мазкур Низом Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Йирик саноат корхоналари билан касаначиликни ривожлантириш асосидаги ишлаб чиқариш ва хизматлар ўртасида кооперацияни кенгайтиришни рағбатлантириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2006 йил 5 январдаги ПФ–3706-сон Фармонига мувофиқ ишлаб чиқилган ва Ўзбекистон Республикасида касаначиликни ташкил этиш шартларини, шу жумладан касаначилар билан меҳнат шартномаларини тузиш тартибини, уларга хом ашё ва материаллар бериш, улар меҳнатига ҳақ тўлаш ва муҳофаза қилиш, касаначиларни ижтимоий суғурта қилиш тартибини ҳамда касаначилар меҳнатидан фойдаланаётган иш берувчилар учун белгиланган солиқ имтиёзлари қўлланилиши устидан назорат қилиш механизмини белгилайди.

I. Умумий қоидалар

1. Мазкур Низом мақсадлари учун «касаначилик» тушунчаси тузилган меҳнат шартномасига мувофиқ жисмоний шахс — касаначининг яшаш жойи бўйича ёки унга ёки унинг оила аъзоларига тегишли бўлган бошқа биноларда иш берувчининг буюртмалари бўйича товарлар ишлаб чиқариш ёки хизматлар кўрсатиш бўйича касаначи томонидан амалга оширилаётган ишни англатади.

2. Касаначи — 16 ёшдаги ва ундан катта ёшдаги жисмоний шахс.

Башарти касаначилик хусусияти касаначи билан тўлиқ якка тартибдаги моддий жавобгарлик тўғрисида шартнома тузилиши зарурлигини тақозо этса, 18 ёшга тўлган шахслар касаначиликни амалга оширишга қўйиладилар.

3. Иш берувчи — касаначи билан тузилган меҳнат шартномасига мувофиқ касаначи учун ишлаб чиқариш биносини белгилайдиган, уни асбоб-ускуналар, жиҳозлар, материаллар, бутловчи буюмлар, хом ашё ва бошқа ишлаб чиқариш воситалари билан таъминлайдиган, бажарилган ишни қабул қилиб оладиган ва унга ҳақ тўлайдиган юридик шахс.

4. Касаначиликни ташкил этишга агар меҳнат шартномасига мувофиқ касаначиликни бажариш учун касаначи ўз яшаш жойида зарур биноларга, шу жумладан турар жой биносига, шунингдек ишни бажариш учун амалий кўникмаларга эга бўлиши, ёхуд малакага ўқитилиши шарти билан йўл қўйилади.

Касаначилик амалга ошириладиган турар жой биноларини нотурар жой бинолар тоифасига ўтказиш талаб қилинмайди.

5. Касаначилик технология жараёни ва бошқа шарт-шароитлар уй шароитларида бутловчи буюмлар, ярим тайёр маҳсулотлар ва маҳсулотларнинг айрим турларини ишлаб чиқариш имконини берадиган саноат тармоқлари ва хизмат кўрсатиш соҳаларида корхоналар билан корхоналарнинг буюртмалари бўйича уйда маҳсулотлар ишлаб чиқараётган ва хизматлар кўрсатаётган фуқаролар ўртасидаги кооперация асосида ташкил этилади.

6. Қонунчиликда белгиланган фаолиятнинг айрим турларини амалга оширишга лицензия олиш талаб қиладиган, шунингдек, уйда қувватли, энергияни кўп талаб қиладиган ва техник асбоб-ускуналардан, шунингдек, уй шароитларида назорат қилиб бўлмайдиган махсус техника хавфсизлигига риоя этишни талаб этадиган хавфли кимёвий компонентлардан фойдаланиб касаначига ишларни бажаришга (хизматлар кўрсатишга) ва маҳсулотлар ишлаб чиқаришга (хизматлар кўрсатишга) йўл қўйилмайди.

Касаначилик шароитларида фойдаланиш мумкин бўлмаган асбоб-ускуналар, хом ашё, материаллар ва маҳсулотлар рўйхати Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.

7. Ёнғин хавфсизлигининг белгиланган қоидаларига, санитария ва гигиена нормаларига, меҳнатни муҳофаза қилиш қоидаларига, шунингдек, касаначиларнинг уй-жой-маиший шароитлари хусусиятларига мувофиқ касаначиликнинг айрим турларига ёнғин ва санитария инспекцияси, шунингдек, Давлат меҳнат техник инспекцияси органларининг рухсати билан йўл қўйилиши мумкин.

8. Касаначилар ишининг аниқ турлари уларнинг касб малакаси, саломатлиги ҳисобга олинган ҳолда иш берувчи томонидан белгиланади (иш хусусияти, фойдаланиладиган асбоб-ускуналар ва жиҳозлар, хом ашё, материалларнинг хоссалари, ногиронлиги бўлган шахсларга нисбатан ТИЭК тавсиялари эътиборга олинади).

Касаначилик меҳнати қишлоқ жойларда аёллар учун, шунингдек, «Аҳоли бандлиги тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 38-моддасида кўрсатилган фуқаролар тоифалари учун устувор тартибда ташкил этилади.

9. Касаначилар томонидан ишларни бажариш касаначи оиласининг аъзолари иштирокида (ёрдамида) иш берувчининг розилигисиз амалга оширилиши мумкин. Бунда касаначи унга ёрдам берадиган оила аъзолари томонидан бажариладиган ишлар сифати учун иш берувчи олдида жавоб беради.

Касаначига ёрдам берадиган унинг оила аъзоларига мазкур Низомнинг амал қилиши татбиқ этилмайди, башарти улар билан алоҳида меҳнат шартномаси тузилмаган бўлса.

II. Касаначи билан меҳнат шартномаси тузиш тартиби

10. Корхоналар билан тузилган меҳнат шартномаларига эга бўлган касаначилар иш билан банд бўлган аҳоли тоифасига киритилади ва уларга электрон меҳнат дафтарчалари юритилади.

11. Иш берувчи корхона раҳбари касаначи билан ёзма шаклда меҳнат шартномаси тузади, унда қуйидагилар кўрсатилади:

иш жойи ва касаначининг иш ўрни жойлашган манзил;

ходимнинг меҳнат функцияси, яъни мутахассислик, малака, шунингдек, касаначи бажариши зарур бўлган иш турлари;

иш бошланадиган кун, меҳнат шартномасининг амал қилиш муддати (муайян муддатга ёки айрим ишларни бажариш даврига меҳнат шартномаси тузишда);

меҳнатга ҳақ тўлаш миқдори ва муддатлари;

касаначи томонидан меҳнат функциялари амалга оширилиши учун асбоб-ускуналар, жиҳозлар, бутловчи буюмлар, хом ашё, материаллар, ярим тайёр маҳсулотларни бериш тартиби;

хом ашё, материаллар ва тайёр маҳсулотларни қабул қилиш ва топшириш тартиби;

моддий жавобгарлик шартлари;

меҳнатни муҳофаза қилиш ва унинг шарт-шароитларининг зарур қоидаларига риоя этиш бўйича иш берувчи ва касаначининг мажбуриятлари;

таътиллар бериш, ижтимоий суғурта, касаначининг пенсия таъминоти шартлари;

иш берувчининг буюртмасини бажариш учун касаначининг ўз асбоб-ускуналари, жиҳозлари ва инвентаридан фойдаланилган тақдирда касаначининг харажатларини қоплаш тартиби ва шартлари;

иш берувчининг буюртмасини бажариш муносабати билан фойдаланилган касаначининг энергия, сув, алоқа учун харажатларини қоплаш (компенсация) тартиби;

касаначи меҳнат функцияларини амалга ошириш учун унга берилган асбоб-ускуналар, жиҳозлар ва инвентарни таъмирлаш бўйича иш берувчининг мажбуриятлари;

касаначининг айби билан материаллар, асбоб-ускуналар, жиҳозлар бузилиши билан боғлиқ, шунингдек маҳсулот тўлиқ ёки қисман яроқсизлиги учун зарарни иш берувчига қоплаш шартлари;

касаначига фойдаланиш учун берилган асбоб-ускуналар, жиҳозлар, инвентарь, бутловчи буюмлар, хом ашё ва материалларни хатловдан ўтказиш ҳамда иш берувчи ва назорат органлари вакилларининг касаначилик меҳнати амалга ошираётган жойларга кириши шартлари;

касаначига боғлиқ бўлмаган ҳолатлар (электр энергияси, сув, газ ва ҳоказолар йўқлиги) муносабати билан буюртмани белгиланган муддатларда бажариш мумкин бўлмаган тақдирда бу ҳақда иш берувчини хабардор қилиш бўйича касаначининг мажбуриятлари.

Меҳнат шартномасида қонунчиликка мувофиқ бошқа шартлар ҳам назарда тутилиши мумкин.

12. Бажарилаётган ишнинг хусусияти ва уни бажариш шарт- шароитлари ҳисобга олинган ҳолда касаначи билан муддатли меҳнат шартномалари билан бир қаторда ишларни бажариш, товарлар ишлаб чиқариш ёки хизматлар кўрсатиш ҳақидаги фуқаролик-ҳуқуқий шартномалар, шу жумладан пудрат шартномаси асосида ташкил этишга йўл қўйилади.

13. Касаначини ишга қабул қилишда ва у билан меҳнат шартномаси тузишда ундан талаб қилинадиган ҳужжатлар рўйхати Меҳнат кодексининг 80-моддасига мувофиқ белгиланади.

14. Касаначининг электрон меҳнат дафтарчаси иш берувчи томонидан меҳнат шартномаси амал қилишининг бутун даври учун юритилади. Илгари ишламаган ва меҳнат дафтарчисига эга бўлмаган касаначи учун электрон меҳнат дафтарчаси иш берувчи томонидан юритилади.

Иш берувчи электрон меҳнат дафтарчасига меҳнат шартномаси тузилиши ва тўхтатилиши тўғрисидаги маълумотларни киритиши шарт. Касаначи билан меҳнат шартномаси тўхтатилган тақдирда, иш берувчи электрон меҳнат дафтарчасига ушбу маълумотларни киритиши шарт.

15. Касаначи билан меҳнат шартномаси Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 97—113-моддаларига мувофиқ ҳолатдан бошқача тарзда тўхтатилиши мумкин эмас.

16. Корхонанинг жамоа шартномаси шартлари касаначиларга татбиқ этилади, башарти ушбу корхонада жамоа шартномаси тузилган бўлса.

III. Касаначига хом ашё, материаллар ва ярим тайёр маҳсулотлар бериш тартиби, маҳсулотларни олиб кетиш ҳамда бажарилган ишлар учун ҳисоб- китоб қилиш кафолатлари

17. Иш берувчи касаначига меҳнат шартномасида назарда тутилган ишлар (хизматлар)ни бажариш учун тегишли сифатга эга бўлган хом ашё, материаллар, бутловчи буюмлар ва ярим тайёр маҳсулотлар тақдим этади (беради).

Корхоналар буюртмалари бўйича маҳсулотлар ишлаб чиқариш ва хизматлар кўрсатиш учун касаначиларга асбоб-ускуналар, жиҳозлар ва инвентарь қонунчиликда белгиланган тартибда берилади.

20. Иш берувчи меҳнат шартномасида назарда тутилган ишлар (хизматлар)ни бажариши учун зарур бўлган хом ашё, материаллар, бутловчи буюмлар ва ярим тайёр маҳсулотларни касаначига бериши ҳамда етказиб беришни таъминлаши шарт.

21. Касаначи меҳнат шартномасига мувофиқ ишларни бажариш учун хом ашё, материаллар, бутловчи буюмлар ва ярим тайёр маҳсулотларни мустақил равишда сотиб олишга ҳақли эмас.

23. Буюртмага мувофиқ бажарилган маҳсулотларни иш берувчи томонидан қабул қилиб олиш, қоидага кўра, касаначининг ишларни бажарган жойида амалга оширилади.

Қабул қилиб олиш вақтида маҳсулотларни топшириш — қабул қилиб олиш далолатномаси тузилади, унда ишлаб чиқарилган маҳсулот (буюмлар, хизматлар)нинг миқдори, иш берувчи томонидан буюмлар (маҳсулотлар, хизматлар)нинг сифат стандартларига қўйиладиган талабларга мувофиқ сифати кўрсатилади.

Касаначи томонидан иш берувчи талаб қиладиган стандартларга мувофиқ маҳсулотларни топшириш-қабул қилиб олиш далолатномаси қабул қилингандан кейин, маҳсулотларнинг кейинчалик сотилишидан қатъи назар, улар учун иш берувчи томонидан ҳақ тўланиши шарт.

24. Касаначилар томонидан буюртмачи корхоналарнинг ишлаб чиқариш технологиясига тўлиқ риоя қилинган тақдирда, касаначилик шароитларида ишлаб чиқарилган маҳсулотларни ва кўрсатилган хизматларни қўшимча равишда сертификатлаш ва стандартлаштириш талаб қилинмайди.

Уйда ишлаб чиқарилган маҳсулотлар сифатининг белгиланган стандартларига риоя этилиши учун жавобгарлик, улар саноат корхоналарига қайтарилган тақдирда — касаначиларга юкланади, охирги истеъмолчиларга сотилган тақдирда эса — саноат корхонасига юкланади.

IV. Касаначининг меҳнатига ҳақ тўлаш шартлари

25. Касаначилар ишига, қоидага кўра, ишбай ҳақ тўланади. Ҳақ тўлаш амалда бажарилган ишлар учун ёки сифати бўйича белгиланган талабларга жавоб берадиган маҳсулот ишлаб чиқарилгани учун амалга оширилади.

26. Унумдорлик нормалари ва ишбай нархлар томонларнинг келишувига кўра, тегишли ишлар учун меҳнат тўғрисидаги қонунчиликка мувофиқ белгиланган нормал иш вақти ҳисобидан келиб чиққан ҳолда белгиланади.

Ишбай ҳақ тўланадиган аниқ иш учун касаначининг иш ҳақи миқдори иш берувчининг ўз ишлаб чиқаришида банд бўлган ходимлар меҳнатига ҳақ тўлаш шартлари сингари бўлиши керак.

27. Касаначининг иш ҳақи, башарти касаначи меҳнат нормаларини ва меҳнат мажбуриятларини бажарса, қонунчиликда белгиланган меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдоридан кам бўлмаслиги керак ва бирон-бир энг юқори миқдор билан чекланмайди.

28. Касаначининг меҳнатига ҳақ ё ҳар бир тугалланган иш топшириғи, ишлар ҳажми топширилганда ёхуд меҳнат қонунчилигида белгиланган мунтазам вақт оралиғида тўланиши керак. Меҳнат шартномасида касаначи меҳнатига аванс тарзида ҳақ тўлаш назарда тутилиши мумкин.

29. Агар касаначи ўз меҳнатини амалга оширадиган жойда иш ҳақига туман коэффициенти белгиланган бўлса касаначи меҳнатига ҳақ тўлаш ушбу коэффициентни ҳисобга олган ҳолда амалга оширилиши керак.

30. Касаначи иш вақтини ўз хоҳишига кўра тақсимлайди, унинг бажарган барча иши учун бир ҳисса миқдорда ҳақ тўланади ва унга иш вақтидан ортиқча ишлаганлик, дам олиш ва байрам кунларида ишлаганлик, шунингдек тунги вақтда ишлаганлик учун меҳнатга ҳақ тўлаш шартлари татбиқ этилмайди.

31. Касаначининг ишлаб чиқариш топшириғини ўз уйида ёки ўзига тегишли бошқа хоналарда бажариш билан боғлиқ харажатлари қонунчиликда белгиланган тартибда қопланади.

32. Иш берувчи касаначига юкланган иш топшириқлари рўйхатини юритиши керак, рўйхатда қуйидагилар кўрсатилади:

иш топшириғини бажариш учун ажратилган вақт;

меҳнатга ҳақ тўлаш ставкалари;

пайдо бўлган чиқимлар, агар касаначи томонидан бундай чиқимлар амалга оширилган бўлса;

амалдаги қонунчиликка мувофиқ даромадлардан солиқ органларига ва Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига ажратмалар;

тўланиши керак бўлган умумий ҳақ ва тўланган ҳақ.

V. Касаначининг иш вақти, дам олиш ва таътил муддати

33. Касаначи ишлаб чиқариш топшириғи ҳажмидан ҳамда меҳнат шартномасида белгиланган бошқа шартлардан келиб чиққан ҳолда ўзи учун иш вақти муддатини, иш жадвали ва тартибини мустақил равишда белгилайди.

34. Иш берувчи касаначи учун ишлаб чиқариш топшириғини белгилашда ишларнинг айрим турларини бажариш учун вақт нормативларини ҳисобга олиши керак, бунда бутун ишлар комплексини бажариш учун иш вақтининг умумий муддати Меҳнат кодексининг 116-моддасида белгиланган нормал ёки қисқартирилган иш вақти муддатидан ошмаслиги керак, агар бу меҳнат шартномасида кўрсатилган ёхуд қонунчиликда белгиланган бўлса (18 ёшга тўлмаган шахслар ва ногиронлиги бўлган шахслар учун).

35. Меҳнат таътили муддатини ҳисоблаш ва ҳар йилги асосий таътилга чиқиш ҳуқуқини берадиган меҳнат стажини ҳисоблаб чиқариш учун, дам олиш ва байрам кунларини ҳисобга олган ҳолда, меҳнат шартномасида кўрсатилган ишлар ҳажмини бажариш учун зарур бўлган норматив вақт қабул қилинади. Бунда касаначининг ишлаб чиқариш топшириғи ҳажми бир ой ҳисобига ушбу Низомнинг 34-бандида кўрсатилгандан ошмаслиги керак.

36. Касаначининг ҳар йилги меҳнат таътили муддати, агар касаначи қонунчиликка мувофиқ кўпроқ давом этадиган ҳар йилги асосий таътилга чиқиш ҳуқуқига эга бўлмаса, 21 календарь кунидан кам бўлиши мумкин эмас.

Таътиллар бериш вақти ва навбати касаначи билан келишув бўйича иш берувчи томонидан тасдиқланган жадвалда белгиланади.

VI. Касаначиларни ижтимоий суғурта қилиш ва ижтимоий муҳофаза қилиш

37. Касаначи мажбурий тартибда давлат томонидан ижтимоий суғурта қилинади.

38. Иш берувчи ва касаначи давлат томонидан ижтимоий суғурта бадалларини қонунчиликда белгиланган тартибда ва миқдорларда тўлайдилар.

39. Касаначининг ишлаган вақти пенсиялар ва ижтимоий суғурта бўйича нафақалар миқдорларини тайинлаш учун меҳнат стажига қўшилади.

40. Касаначига давлат ижтимоий суғуртаси бўйича нафақаларни тўлаш, белгиланган тартибга мувофиқ иш берувчининг ишлаб чиқариш хоналарида ишлайдиган ходимлар сингари амалга оширилади.

41. Касаначилик меҳнати билан шуғулланувчи фуқароларнинг пенсия таъминотига бўлган ҳуқуқи улар пенсия ёшига етганда ёки «Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида»ги Қонунда назарда тутилган ҳолларда бошланади.

42. Касаначининг жамғариб бориладиган пенсия тизимида қатнашиши мажбурийдир.

Касаначининг жамғарилиб бориладиган шахсий пенсия ҳисоб рақамини очиш ва унга бадаллар тўлаш иш берувчи томонидан «Фуқароларнинг жамғариб бориладиган пенсия таъминоти тўғрисида»ги Қонунга мувофиқ амалга оширилади.

43. Касаначига пенсиялар яшаш жойидаги Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси бўлимлари томонидан тўланади.

VII. Касаначининг меҳнат хавфсизлиги

44. Иш берувчи қуйидагиларга мажбур:

касаначига мумкин бўлган барча хавф-хатарлар тўғрисида ва касаначи ўзи олган иш топшириқлари муносабати билан кўрилиши керак бўлган эҳтиёткорлик чоралари тўғрисида йўриқномалар бериш, зарур бўлган тақдирда уни тегишли равишда ўқитиш;

касаначига бериладиган машиналар, жиҳозлар ёки бошқа асбоб-ускуналарнинг техник хавфсизлигини таъминлаш, уларда тегишли ҳимоя мосламалари мавжудлигини ва уларнинг соз ҳолатда бўлишини таъминлаш;

касаначини якка тартибдаги ҳимояланишнинг барча зарур воситалари билан текин таъминлаш.

45. Касаначи қуйидагиларга мажбур:

меҳнат хавфсизлиги ва гигиенаси бўйича белгиланган барча кўрсатмаларни бажариш;

ўз хавфсизлигини эҳтиётлаш ва ўзининг ҳаракатлари ёки ишдаги камчиликлари натижасида шикастланиши мумкин бўлган бошқа шахсларнинг соғлиғини муҳофаза қилиш бўйича оқилона чоралар кўриш, шу жумладан материаллар, машиналар, жиҳозлар ва ўз тасарруфига берилган бошқа асбоб-ускуналардан тўғри фойдаланиш.

46. Касаначи, агар у ишни ўз хавфсизлиги ёки саломатлиги учун муқаррар ва жиддий хавф туғдиради деб ҳисоблаши учун асосли сабабларга эга бўлса, ишларни бажаришдан воз кечиши ҳамда рўй берган ҳолатлар тўғрисида иш берувчини хабардор қилиши шарт.

Ушбу ҳолатлар меҳнатни муҳофаза қилиш қоидаларига риоя этиш устидан назоратни амалга оширувчи органлар томонидан тасдиқланган тақдирда уйда ишлашни давом эттириш аҳволни тузатиш учун зарур чоралар кўрилмагунгача вақтинчалик тўхтатиб турилиши керак.

VIII. Касаначилар меҳнатидан фойдаланадиган иш берувчиларга бериладиган имтиёзлар ва уларнинг қўлланишини солиқ органлари томонидан назорат қилиш

47. Иш берувчининг буюртмаси юзасидан тузилган шартнома бўйича ишларни бажариш учун касаначига текин фойдаланиш учун корхона томонидан берилган асбоб-ускуналар, жиҳозлар ва инвентарлар фойдаланиш даврида мулк солиғи тўловидан озод қилинади.

48. Ушбу имтиёзни қўлланиш устидан назоратни амалга ошириш учун корхона (иш берувчи) солиқ органларига ҳисоботлар тақдим этишда касаначига берилган асбоб-ускуналар, жиҳозлар ва инвентарларнинг қолдиқ қийматини, уларнинг рўйхатини кўрсатиши шарт.

49. Товарлар ишлаб чиқариш (ишларни бажариш, хизматлар кўрсатиш) учун касаначиларга буюртмалар берган корхоналар касаначилар меҳнатига ҳақ тўлаш жамғармасидан ягона ижтимоий тўловни тўлашдан 2006 йил 1 февралдан бошлаб беш йилга озод қилинади.

Шу билан бирга, иш берувчи қонунчиликда белгиланган тартибда товарлар (ишлар, хизматлар)ни сотиш ҳажмидан Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига мажбурий ажратмаларни амалга оширади.

Иш берувчи томонидан касаначилар меҳнатига ҳақ тўлаш жамғармасининг алоҳида ҳисоби юритилади ва ягона ижтимоий тўлов ҳисоб-китоблари билан бирга давлат солиқ хизматига тегишли маълумотнома тақдим этилади.

50. Касаначилар фаолиятини назорат қилувчи органлар томонидан текширишлар фақат қонунчиликда белгиланган тартибда амалга ошириладиган буюртмачи-корхонани текшириш вақтида ўтказилиши мумкин.

IX. Якуний қоидалар

51. Иш берувчи ва касаначи ўртасидаги меҳнат низоларини тартибга солиш Ўзбекистон Республикасининг меҳнат тўғрисидаги қонунларига мувофиқ амалга оширилади.

52. Касаначилик меҳнатини тартибга солувчи қоидаларга риоя қилинишини таъминлаш вазифаси зиммасига юкланган мансабдор шахслар мулкдор ва касаначининг розилиги билан уйнинг касаначилик ишлари амалга оширилаётган қисмига ёки бошқа хусусий хонага киришлари мумкин.

Уйда ишларни бажариш тартибининг жиддий ёки бир неча марта бузилиши қайд этилган тақдирда мансабдор шахслар ишларни тўхтатиш бўйича чоралар кўриши, шу жумладан, бу тўғрида иш берувчини хабардор қилган ҳолда, уйга иш беришни тақиқлаши мумкин.

Вазирлар Маҳкамасининг
2006 йил 11 январдаги 4-сон қарорига
2-ИЛОВА

Иш берувчининг буюртмаси бўйича касаначи томонидан ишларни бажариш (хизматлар кўрсатиш) учун НАМУНАВИЙ МЕҲНАТ ШАРТНОМАСИ

_________ шаҳар (туман, қишлоқ) 20__ й. «_____________»

________________________________________________________________ корхонаси

‎
(номи)
‎

номидан иш кўрувчи __________________________________________ асосида фаолият

‎
(устав, низом)
‎

кўрсатувчи, кейинги ўринларда «Иш берувчи» деб юритиладиган _____________________________________________________ бир томондан ва кейинги

‎
(лавозими, Ф.И.О.)
‎

ўринларда «Касаначи» деб юритиладиган Ўзбекистон Республикаси фуқароси________________________________________________________________

‎‎(фамилияси, исми, отасининг исми)

‎

иккинчи томондан ушбу шартномани қуйидагилар тўғрисида тузишди:

1. Меҳнат шартномаси предмети

1.1. Ушбу шартномада белгиланган шартларда олдиндан белгиланган тўлов учун товарлар ишлаб чиқариш (хизматлар кўрсатиш) юзасидан иш берувчи учун қуйидаги ишларни уйда бажариш: ________________________________________________ ___________________________________________________________________________

1.2. Касаначи __________________________________________________________________

‎

(меҳнат функцияси: мутахассислиги, малакаси)

сифатида ишга қабул қилинади.

1.3. Шартнома тури _____________________________________________________________

‎
(белгиланмаган муддатга, беш йилдан кўп бўлмаган

‎‎___________________________________________________________________

муайян муддатга, маълум бир ишни бажариш вақтига)

1.4. Касаначининг иш жойи: ________________________

1.5. Касаначи 20__ й. «___» _________ дан ишга тушиши шарт.

1.6. Меҳнатга ҳақ тўлаш:

а) Касаначига меҳнат ҳақи Иш берувчининг буюртмасини бажариш жадвалига мувофиқ ишлаб чиқарилган маҳсулотлар (кўрсатилган хизматлар) ҳажмига боғлиқ ҳолда ишбай тарзда белгиланади.

Иш берувчи буюртмасини бажариш жадвали Касаначи билан келишган ҳолда белгиланади ва ушбу Шартноманинг ажралмас қисми ҳисобланади;

б) Иш берувчи ҳуқуқлари ва молиявий имкониятлари доирасида қуйидаги қўшимча иш ҳақларини белгилайди (устама, мукофот, рағбатлантириш ва бошқа тўловлар):

_____________________________________________________________________________

‎‎_____________________________________________________________________________

(қўшимча иш ҳақи, устама, мукофот ва бошқа тўловлар номи ва миқдори)

1.7. Касаначи меҳнатига ҳақ тўлаш касаначи томонидан меҳнат нормалари ва меҳнат мажбуриятлари бажарилган тақдирда қонунчиликда белгиланган меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдоридан паст бўлиши мумкин эмас ва бирон-бир энг юқори иш ҳақи миқдори билан чегараланмайди.

Касаначига меҳнатига ҳақ тўлаш нақд пул шаклида амалга оширилади.

1.8. Касаначи давлат томонидан ижтимоий суғурта қилинади.

2. Томонларнинг мажбуриятлари

2.1. Касаначи қуйидагиларга мажбур:

2.1.1. Ишларнинг қуйидаги турларини бажариш:

_____________________________________________________________________________

‎‎_____________________________________________________________________________

‎‎_____________________________________________________________________________

_____________________________________________________________________________‎‎

(ишнинг асосий тавсифи ва уларни бажаришга қўйиладиган талаблар кўрсатилади)

2.1.2. Ушбу шартноманинг 2.1.1-бандида кўрсатилган мажбуриятларни бажаришга виждонан муносабатда бўлиш.

2.1.3. Иш берувчи томонидан ўзига берилган мол-мулк (асбоб-ускуналар, жиҳозлар, инвентарлар)нинг сақланишини таъминлаш.

2.1.4. Иш берувчи томонидан талаб қилинадиган сифат стандартларига асосан маҳсулотларни Иш берувчига топширишга жадвалга мувофиқ ўз вақтида тайёрлаш.

Ўзига боғлиқ бўлмаган сабаблар билан (электр энергияси, сув, газ ва ҳоказолар бўлмаганда) буюртмани бажариш ва маҳсулотларни топшириш имконияти бўлмаганда, бу тўғрида муддати келгунга қадар ___ кундан кечикмасдан Иш берувчини хабардор қилиш.

2.1.5. Материаллар, асбоб-ускуналар, жиҳозлар бузилиши, шунингдек белгиланган нормативлар доирасида ҳамда тегишли далолатномага асосан тўлиқ ёки қисман яроқсиз бўлган маҳсулотлар билан боғлиқ зарарни Иш берувчига қоплаш.

2.1.6. Меҳнат шартномаси бўйича ишларни бажариш учун истеъмол қилинадиган коммунал хизматлар ҳақини қатъий равишда ўлчов асбоблари кўрсаткичлари бўйича аҳоли учун қўлланиладиган тарифларга мувофиқ тўлаш.

2.1.7. Меҳнат муҳофазаси, техника хавфсизлиги ва ишлаб чиқариш санитарияси талабларига риоя қилиш.

2.1.8. Меҳнат ташкил қилинган хонага хатлов ўтказиш даврида иш берувчининг ва иш берувчини ҳужжатли текшириш ўтказилаётганда солиқ хизмати органларининг вакиллари киришига рухсат бериш.

2.1.9. Иш берувчининг унга берилган технологиясининг махфийлигига риоя қилиш.

2.1.10. Бошқа иш берувчилар билан меҳнат шартномаларини имзолаш учун Иш берувчининг ёзма розилигини олиш.

2.1.11. Меҳнат тўғрисидаги қонунларда назарда тутилган бошқа мажбуриятларни бажариш.

2.2. Иш берувчи қуйидаги мажбуриятларни ўз зиммасига олади:

2.2.1. Ушбу меҳнат шартномаси шартларига мувофиқ Касаначига иш (буюртма) бериш.

2.2.2. Касаначини топшириш далолатномасига мувофиқ Буюртмани бажариш учун зарур бўлган техник жиҳатдан хавфсиз асбоб-ускуналар, жиҳозлар, инвентарь билан таъминлаш.

2.2.3. Белгиланган жадвалга асосан буюртмани бажариш учун Касаначини тегишли сифатдаги хом ашё, материаллар, бутловчи буюмлар ва ярим тайёр маҳсулотлар билан ўз вақтида таъминлаш ва уларни етказиб бериш.

2.2.4. Касаначи томонидан ишлаб чиқарилган маҳсулотлар жадвалга мувофиқ олиб кетилишини таъминлаш.

2.2.5. Ушбу шартнома шартларига мувофиқ товарлар ишлаб чиқариш (хизматлар кўрсатиш) бўйича Касаначининг меҳнат ҳақини ўз вақтида тўлаш.

2.2.6. Касаначининг буюртманомаси бўйича буюртмани бажариш учун унга берилган асбоб-ускуналар, жиҳозлар ва инвентарни таъмирлаш, шунингдек зарур эҳтиёт қисмлар билан таъминлаш.

2.2.7. Иш берувчининг буюртмасини бажариш учун Касаначининг асбоб-ускуналари, жиҳозлари ва инвентаридан фойдаланилган тақдирда, ижара шартномасига мувофиқ (ижара тўлови Иш берувчи томонидан нақд пул билан амалга оширилади) унинг харажатларини қоплаш.

2.2.8. Иш берувчининг буюртмасини бажариш билан боғлиқ фойдаланилган энергия, сув, алоқа учун Касаначининг харажатларини қоплаш (компенсация қилиш).

2.2.9. Касаначига меҳнат хавфсизлиги қоидалари ва берилган асбоб-ускуналар, жиҳозлар ва инвентардан фойдаланиш тўғрисида йўриқномалар бериш.

Буюртма бўйича ишларни бажаришда зарур бўлган шахсий ҳимояланиш воситалари билан Касаначини бепул таъминлаш.

2.2.10. Касаначининг меҳнат дафтарчасига белгиланган тартибда ёзувларни қайд этиш, уни сақлаш ва ишдан бўшатилган кунда Касаначига бериш.

2.2.11. Меҳнат шартномаси амал қилиш даврида Касаначининг ижтимоий суғуртасини амалга ошириш.

2.2.12. Касаначининг жамғариб бориладиган шахсий пенсия ҳисоб рақамини очиш ва унга бадалларни ўз вақтида тўлаш.

2.2.13. Касаначига давлат ижтимоий суғуртаси бўйича (вақтинчалик меҳнатга лаёқатсизлиги ҳолларида, ҳомиладорлик ва туғиш бўйича, бола туғилганда ва дафн этиш учун) нафақаларни тўлаш.

2.2.14. Меҳнат тўғрисидаги қонунларда назарда тутилган бошқа мажбуриятларни бажариш.

3. Иш тартиби

3.1. Касаначи иш вақтини ўз хоҳишига кўра тақсимлайди, у бажарган барча ишларга бир ҳисса миқдорда ҳақ тўланади ва унга иш вақтидан ташқари ишлаганлик, дам олиш ва байрам кунларида, шунингдек тунги вақтда ишлаганлик учун меҳнатга ҳақ тўлаш шартлари қўлланмайди.

3.2. Касаначига иш ҳақи сақланган ҳолда ___ кундан иборат таътил берилади.

3.3. Касаначига қонунчиликда назарда тутилган ҳолларда қўшимча таътил берилади.

3.4. Таътилни пул компенсацияси билан алмаштиришга рухсат этилмайди, берилган таътилдан фойдаланмаган Касаначини ишдан бўшатиш ҳоллари бундан мустасно.

4. Томонларнинг жавобгарлиги

4.1. Касаначи ушбу шартномада кўрсатилган ўз мажбуриятларини бажармаган ёки зарур даражада бажармаган, меҳнат тўғрисидаги қонунлар бузилган, шунингдек моддий зарар етказган тақдирда, амалдаги қонунчиликка мувофиқ интизомий, моддий ва бошқа жавобгар бўлади.

4.2. Агар буюртма берилган маҳсулотларни ишлаб чиқаришда узилишлар Касаначига боғлиқ бўлмаган сабабларга кўра (электр энергиясининг ўчирилиши, газнинг йўқлиги ёки паст босимлиги ва ҳоказолар) содир бўлган бўлса (бу тўғрида Касаначи буюртма берилган маҳсулотларни топшириш муддатлари келгунга қадар агар бунинг имкони бўлмаса — мумкин қадар қисқа муддатда Иш берувчини хабардор қилишга мажбур) Касаначига нисбатан жарима санкциялари қўлланилмайди.

4.3. Шартномада белгиланган муддатлар ва ҳажмларда хом ашё, материалларни етказиб бериш, тайёр маҳсулотларни олиб кетишда узилишлар бўлган ҳолларда, бажарилган ишлар учун ўз вақтида ҳисоб-китоб қилинмаганда, шунингдек ушбу шартнома бажарилмаслигининг бошқа барча ҳолларида Иш берувчи амалдаги қонунчиликка асосан моддий ва бошқача тарзда жавобгар бўлади.

5. Меҳнат шартномасини тўхтатиш

5.1. Ушбу меҳнат шартномасини тўхтатиш учун қуйидагилар асос ҳисобланади:

5.1.1. Томонларнинг келишуви.

5.1.2. Мазкур шартноманинг 1.1-бандида кўрсатилган ишларнинг бажариб бўлиниши.

5.1.3. Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 99-моддасида назарда тутилган асосларга кўра меҳнат шартномасининг Касаначининг ташаббуси билан бекор қилиниши.

5.1.4. Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 100-моддасида назарда тутилган асосларга кўра меҳнат шартномасининг Иш берувчининг ташаббуси билан бекор қилиниши.

5.2. Меҳнат шартномасининг тўхтатилиши томонларни шартнома бажарилмаганлиги ёки зарур даражада бажарилмаганлиги учун жавобгарликдан озод қилмайди.

6. Алоҳида шартлар

6.1. Ушбу меҳнат шартномаси шартлари томонлар учун мажбурий юридик кучга эга. Мазкур меҳнат шартномасига барча ўзгартириш ва қўшимчалар икки томонлама ёзма келишув билан расмийлаштирилади.

6.2. Мазкур шартномада назарда тутилмаган бошқа барча ҳолатларда томонлар Ўзбекистон Республикасининг амалдаги қонунчиликка амал қилади.

6.3. Меҳнат шартномасини бажариш чоғида томонлар ўртасида келиб чиқадиган низолар амалдаги қонунчиликда белгиланган тартибда кўриб чиқилади.

6.4. Шартнома бир хил юридик кучга эга бўлган икки нусхада тузилди, унинг бир нусхаси Иш берувчида, иккинчи нусхаси Касаначида сақланади.

Томонларнинг имзолари: ‎
‎
‎

Иш берувчи: ‎
‎
‎

‎‎____________________________________________(______________________)

Юридик манзили:‎‎___________________________________________________

‎
‎
‎

‎
‎

‎
‎
‎

Касаначи: ‎
‎
‎

‎‎____________________________________________(_____________________)

‎
‎
‎

‎‎Паспорт серияси ____________ № _________, ___________________________

‎‎__________________________________________________________ берилган

‎

(ким томонидан, қачон)‎

‎

Яшаш жойи манзили _________________________________________________

Main index

More Apps