NaNa Law Library세계 법령포털

UZ · resolution · uz-Cyrl

СУД АМАЛИЁТИДА ФУҚАРО ВА ТАШКИЛОТЛАРНИНГ ШАЪНИ, ҚАДР-ҚИММАТИ ВА ИШЧАНЛИК ОБРЎСИНИ ҲИМОЯ ҚИЛИШ ҲАҚИДАГИ ҚОНУНЛАРНИ ҚЎЛЛАШ ТЎҒРИСИДА

Exact official unit/page title: 5-сон 19.06.1992. Суд амалиётида фуқаро ва ташкилотларнинг шаъни, қадр-қиммати ва ишчанлик обрўсини ҳимоя қилиш ҳақидаги қонунларни қўллаш тўғрисида. Official consolidated HTML snapshot retrieved 2026-10-25; exact consolidated edition and current-force status not independently verified. Source publication references: | 1992 йил 19 июнь, | 5-сон

Official source / 공식 원문

Publisher
LexUZ — National Database of Legislation of the Republic of Uzbekistan, Ministry of Justice
Retrieved
2026-10-25T07:14:14.016388Z
Reuse
Law No OʻRQ-42 of 20 July 2006, Article 8: official documents (laws, decisions and similar) and their official translations are not copyright objects. Copyright exclusion has no noncommercial or no-derivatives limitation. Applies only to statutory text; database design, commentary, indices, and editorial additions excluded. · Reuse terms
Source SHA-256
2a0c8bd6ebaf546561730ca5ce26d50cd3a94ed9eaaa7d82f1c1f2223df8dad3
Text SHA-256
963f719086997e06bbc3ee6a71275cb13dc37b6fabb9bd38155cf33f224f2c36

Source: LexUZ, National Database of Legislation of Uzbekistan (Ministry of Justice). Official issuer/signature: Қарори. Source URL: https://lex.uz/acts/1438529. Converted HTML to original-language plain text; editorial annotations and site design excluded; no translation.

Reuse conditions

Changes: Official HTML response converted to original Uzbek Cyrillic UTF-8/LF plain text. Navigation, scripts, design, COMMENT/COMMENTLEXUZ, CHANGES_ORIGINS, INDEXES, EXPLANATION and editorial publication formatting excluded. Official statutory text and text annexes retained. No translation, summarization or OCR.

Original-language source text; no translation. HTML text extraction may not preserve tables, forms or reading order. Independent, unofficial reproduction. Check the official source for legal force, version and complete formatting.

Ўзбекистон Республикаси Олий суди пленумининг

Қарори

СУД АМАЛИЁТИДА ФУҚАРО ВА ТАШКИЛОТЛАРНИНГ ШАЪНИ, ҚАДР-ҚИММАТИ ВА ИШЧАНЛИК ОБРЎСИНИ ҲИМОЯ ҚИЛИШ ҲАҚИДАГИ ҚОНУНЛАРНИ ҚЎЛЛАШ ТЎҒРИСИДА

Фуқаро ва ташкилотларнинг шаъни, қадр-қиммати ва ишчанлик обрўсини камситадиган маълумотлар тарқатилган тақдирда, уларни ҳимоя қилиш суднинг биринчи даражали вазифаларидан бўлиб ҳисобланади.

Ўзбекистон Республикасининг «Оммавий ахборот воситалари тўғрисида»ги Қонуни оммавий ахборот воситаларидан фуқароларнинг шахсий ҳаётларига аралашиш, уларнинг шаъни, қадр-қимматлари ва ишчанлик обрўсига тажовуз қилиш мақсадида фойдаланишни ман этади.

Фуқаролар Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 100-моддасига мувофиқ ўзининг шаъни, қадр-қиммати ва ишчанлик обрўсига путур етказувчи маълумотлар юзасидан, башарти, бундай маълумотларни тарқатган шахс уларнинг ҳақиқатга тўғри келишини исботлай олмаса, суд йўли билан раддия талаб қилишга ҳақли.

Бозор муносабатлари шаклланаётган шароитда ташкилотларнинг обрўсини тиклаш, ижтимоий муносабатларда унинг фаолиятига одилона баҳо бериш ҳам катта аҳамият касб этади.

Пленум «Оммавий ахборот воситалари тўғрисида»ги Қонунни суд амалиётида қўллашда, қандай маълумотлар тарқатилганлиги ва улар қадр-қимматга қанчалик путур етказгани каби масалалар юзасидан муаммолар юзага келганлигини таъкидлайди. Ҳал қилув қарорларида ҳамма вақт ҳам шаън ва қадр-қимматга путур етказувчи маълумотларга раддия беришнинг аниқ усули ҳамда раддия берилиши лозим бўлган муддат кўрсатилмайди. Суд харажатларини ундириш масаласи муҳокама қилинмайди.

Ишни кўришни бир неча марталаб қолдириш, иш юритишни асоссиз ҳаракатдан тўхтатиб қўйиш оқибатида низонинг аҳамияти йўқолиши туфайли даъвогарлар ўз талабларидан воз кечмоқдалар, шу сабабли анчагина аризалар кўрилмасдан қолдирилмоқда.

Кўпчилик ишларда ҳал қилув қарорининг ижро этилганлиги ҳақидаги маълумотлар мавжуд эмас.

Судлар фаолиятидаги камчиликларни бартараф қилиш ва келиб чиққан масалаларни инобатга олиб, Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленуми қарор қилади:

1. Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 31-моддаси, Фуқаролик кодексининг 100-моддаси ва «Оммавий ахборот воситалари тўғрисида»ги Қонунининг 34-моддасига мувофиқ ҳар бир инсон шахсий ҳаётининг дахлсизлиги, шахсий ва оилавий сирга эга бўлиш, ўз шаъни ва қадр-қимматини ҳимоя қилиш ҳуқуқига эга эканлиги, ҳар ким ўз шахсига доир маълумотларнинг ҳимоя қилиниши ҳуқуқига, шунингдек, нотўғри маълумотларнинг тузатилишини, ўзи тўғрисида қонунга хилоф йўл билан тўпланган ёки ҳуқуқий асосларга эга бўлмай қолган маълумотларнинг йўқ қилинишини талаб қилиш ҳуқуқига эга эканлиги, шунингдек, юридик ва жисмоний шахс оммавий ахборот воситасида эълон қилинган, ҳақиқатга тўғри келмайдиган ва ўзининг шаъни ҳамда қадр-қимматига доғ туширадиган маълумотлар бўйича раддия беришни таҳририятдан талаб қилишга ҳақли эканлигига судларнинг эътибори қаратилсин.

2. Қонунларни тўғри татбиқ этиш, фуқароларнинг Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 26-моддасида инсоннинг шаъни ва қадр-қиммати дахлсиз эканлиги, ҳеч нарса уларни камситиш учун асос бўлиши мумкин эмаслиги кафолатланганлиги, уларнинг ҳуқуқларини амалга оширишларига ёрдам беришини ҳисобга олиб, шаън, қадр-қиммат ва ишчанлик обрўсини ҳимоя қилиш ҳақидаги ишларни судлар синчиклаб, пухта кўришлари зарур.

Шаън, қадр-қиммат ва ишчанлик обрўсини пастга урувчи маълумотларни рад этиш ҳақидаги талаблар, маълумотлар қандай шакл ва услубда тарқатилганидан қатъи назар, судга тааллуқлидир.

3. Ўзбекистон Республикаси «Оммавий ахборот воситалари тўғрисида»ги Қонунининг 34-моддасига биноан эълон қилинган материал туфайли ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари бузилган юридик ва жисмоний шахслар ўз раддияси ёки жавобини мазкур оммавий ахборот воситаси орқали эълон қилишга ҳақлидир. Раддия ёки жавоб газеталарда раддия олинган кундан эътиборан бир ой муддат ичида, бошқа даврий нашрларда эса навбатдаги сонда эълон қилинади.

Теле-, радио-, видео, кинохроникал дастурлар ва оммавий ахборотни даврий тарқатишнинг бошқа электрон шакллари таҳририяти томонидан олинган раддия ёки жавоб айнан ўша дастур ёки туркумда, келган кунидан эътиборан бир ойдан кечиктирмай эфирга берилади.

Оммавий ахборот воситаси раддияни, жавобни эълон қилишдан бўйин товласа ёхуд уларни эълон қилиш учун белгилаб қўйилган муддатни бузса, юридик ёки жисмоний шахс даъво аризаси билан судга мурожаат қилишга ҳақлидир.

4. Шаъни, қадр-қиммати ва ишчанлик обрўсини ҳимоя қилиш ҳақидаги даъво аризадан суммадан келиб чиқиб мулкий тусга эга бўлмаган ариза сифатида давлат божи ундирилади. Айни бир вақтнинг ўзида моддий ва маънавий зарарни ундириш ҳақидаги талаб ҳам қўйилган бўлса, давлат божи умумий асосларда даъво баҳосидан келиб чиқиб ундирилади.

5. Судларга тушунтирилсинки, бадном қилувчи маълумотларнинг ўзига нисбатан даъво қўзғатилган шахс томонидан тарқатилганлиги фактини тасдиқловчи далилларни судга даъвогар тақдим этишга мажбурдир.

Даъво аризаси ФПК 189 ва 190-моддалари талабларига риоя қилинмай берилган ҳолларда, у ФПК 195-моддаси биринчи қисмининг 4-бандига асосан судьянинг тегишли ажрими билан даъвогарга қайтарилади. Даъво аризасининг қайтарилиши йўл қўйилган камчиликлар бартараф этилганидан кейин судга умумий тартибда такроран мурожаат қилишга тўсқинлик қилмайди.

6. Суднинг ҳал қилув қарорлари ва ҳукмларида, тергов органлари қарорларида ва қонунда шикоят қилишнинг ўзгача тартиби кўзда тутилган бошқача расмий ҳужжатларда кўрсатилган маълумотларни рад этиш ҳақидаги талабларни Ўзбекистон Республикаси ФКнинг 100-моддасида назарда тутилган тартибда кўриш мумкин эмас.

7. ФК 100-моддасининг иккинчи қисмига асосан манфаатдор шахс бадном қилувчи маълумотлар унинг вафот этган оила аъзолари ёки қариндошларига нисбатан тарқатилганда ҳам уларнинг шаъни, қадр-қиммати ва ишчанлик обрўсини суд орқали ҳимоя қилиш ҳуқуқига эга.

Бадном қилувчи маълумотлар вояга етмаганлар ёки белгиланган тартибда муомалага лаёқатсиз деб топилган шахсларга нисбатан тарқатилганда, уларнинг шаъни, қадр-қиммати ва ишчанлик обрўсини ҳимоя қилиш тўғрисида қонуний вакиллари (ота-оналари, болаликка олувчилари, васийлари), ҳомийлари ёки ФПКнинг 50-моддаси тартибида прокурор ариза билан судга мурожаат қилиш ҳуқуқига эгадирлар.

8. Юридик ёки жисмоний шахсларнинг шаъни, қадр-қиммати ва ишчанлик обрўсига путур етказувчи маълумотларни тарқатиш деганда уларни оммавий ахборот воситаларида чоп этиш, хизмат таърифномаларида баён этиш, кўпчилик олдида сўзлаганда, мансабдор шахслар номига ёзилган аризаларда ёки бошқа, шу жумладан оғзаки бўлса ҳам бир неча шахсга ёхуд бир кишига хабар қилиш тушунилади.

Бундай маълумотларни фақатгина ўзига алоқадор шахснинг ўзига айтиш, бу маълумотларни тарқатиш деб қаралмайди.

Ўзининг шаънига ҳақоратловчи маълумотлар айтилган, шунингдек, туҳмат қилинган, ёлғон ахборотлар тарқатилган фуқаро бундай маълумотларни тарқатган шахсни Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 139, 140 ва 1413-моддаларига кўра, жиноий жавобгарликка ёки Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 40, 41 ва 2022-моддаларига кўра, маъмурий жавобгарликка тортиш ҳақида тегишли органларга мурожаат қилишга ҳақли.

9. Бадном қилувчи маълумотлар деганда, айрим фуқаролар ёки жамоат фикрида амалдаги қонунларга ва ахлоқ қоидаларига риоя қилиш нуқтаи назаридан қараганда шаъни, қадр-қиммати ва ишчанлик обрўсини оёқ ости қилувчи, обрўни тўкувчи маълумотлар ҳисобланишини судларга тушунтирилсин.

Ишдаги камчиликларни, жамоат ва иш жойларидаги, турмушдаги феъл-атворини танқид қилувчи, ҳақиқатга тўғри келадиган маълумотларни рад этиш ҳақидаги талабларни асосли деб ҳисоблаб бўлмайди.

10. Агар аризада оммавий ахборот воситаларида тарқатилган маълумотларга раддия бериш талаб этилган бўлса, жавобгар сифатида муаллиф ва тегишли оммавий ахборот органи жалб этилишини инобатга олган ҳолда, ишни суд мажлисида кўришга тайёрлаш тартибида иш бўйича дахлдор жавобгарларни аниқлаш лозим бўлади. Маълумотлар расмий хабарларда кўрсатилган ҳолларда («Оммавий ахборот воситалари тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 40-моддаси») суд ёлғон маълумотларни дастлаб тарқатган шахсни ҳам жавобгар сифатида жалб қилиши мумкин.

Хизмат тавсифномаларида кўрсатилган бадном қилувчи маълумотларни рад этиш ҳақидаги даъволар бўйича уни имзолаган шахслар ҳамда таърифномани берган корхона, муассаса ёки ташкилот жавобгар ҳисобланадилар.

Бадном қилувчи маълумотлар деворий ёки фуқаролик процессуал ҳуқуқ лаёқатига эга бўлмаган кўп нусхали рўзномаларда эълон қилинган бўлса, эълон қилинган мақола муаллифи билан бир қаторда рўзноманинг органи ҳисобланадиган ташкилот жавобгар бўлади.

11. Суд мажлисида қуйидаги ҳолатлар ҳар томонлама аниқланиши лозим:

а) даъво қилинган, раддия берилиши талаб қилинаётган маълумотнинг тарқатилган-тарқатилмаганлиги;

б) бу маълумотлар юридик ёки жисмоний шахснинг шаъни, қадр-қиммати ва ишчанлик обрўсига путур етказган-етказмаганлиги;

в) бу маълумотларнинг ҳақиқатга тўғри келиш-келмаслиги.

Тарқатилган маълумотларнинг ҳақиқатга тўғри келишини исботлаш ФК 100-моддасига кўра жавобгар зиммасига юклатилади.

12. Ўзбекистон Республикаси ФКнинг 163-моддасига асосан шаъни, қадр-қиммати ва ишчанлик обрўсига путур етказувчи маълумотларга раддия бериш ҳақидаги талабларга даъво муддати татбиқ қилинмайди.

13. Агар шаъни, қадр-қиммати ва ишчанлик обрўсини ҳимоя қилиш ҳақидаги даъво билан бир вақтда даъвогар томонидан шу бадном қилувчи маълумотлар тарқатилганлиги оқибатида етказилган моддий зарарни ёки маънавий зиённи ундириш тўғрисида ҳам талаб қўйилган бўлса, суд бу талабни ФКнинг 985-моддасига мувофиқ ҳал этади.

ФКнинг 1021-моддаси 2-қисмига биноан агар зарар қадр-қиммат ва ишчанлик обрўсини ҳақоратловчи маълумотларни тарқатиш туфайли етказилган бўлса, маънавий зарар уни етказувчининг айбидан қатъи назар, қопланишини назарда тутиш лозим.

Маънавий (мулкий бўлмаган) зарарнинг миқдорини белгилашда суд фуқаронинг шаъни, қадр-қимматини оёқ ости қилган, обрўсини тўккан мақоланинг мазмуни ва моҳиятини, ҳақиқатга тўғри келмайдиган маълумотларни эълон қилган оммавий ахборот воситаси ёки муайян шахснинг айб даражасини шу мақола билан боғлиқ бўлган бошқа эътиборга молик ҳолатларни ҳисобга олади.

ФКнинг 1022-моддасига мувофиқ маънавий зарарни қоплаш миқдорини аниқлашда судлар жабрланувчига етказилган маънавий зарарнинг оғирлигига субъектив баҳоси, шунингдек, даъвогарнинг жисмоний ва маънавий азобларининг даражасини тасдиқловчи объектив маълумотлар хусусияти ва ҳақоратловчи ёлғон маълумотлари тарқатилган доирани ҳамда бошқа аҳамиятга молик ҳолатларни эътиборга олишлари керак.

14. Даъво қаноатлантирилган тақдирда, суд ҳал қилув қарорининг хулоса қисмида ҳақиқатга тўғри келмайдиган деб топилган маълумотларга раддия бериш усулини кўрсатиши шарт. Раддия айнан шу нотўғри маълумотни чоп этилган газетада ёки бошқа оммавий даврий нашрда эълон қилиниши лозим. Суд ҳал қилув қарорида бериладиган раддия матнини баён қилади ва у эълон қилинадиган муддатни кўрсатади.

Ҳақиқатга тўғри келмайдиган маълумотлар ташкилот томонидан берилган ҳужжатда ифодаланган бўлса, суд ҳал қилув қарорида бундай ҳужжатни алмаштириш мажбуриятини ўша ташкилотга юклаши лозим.

Суд ҳар бир ишнинг аниқ ҳолатларидан келиб чиқиб, жавобгарга кўпчилик олдида кечирим сўраш, тарқатилган маълумотларнинг нотўғри эканлигини йиғилишда эълон қилиш, даъвогарни бадном қилувчи маълумот хабар қилинган ташкилотга раддия ёзиб юбориш мажбуриятини юклатиши мумкин.

16. Судларнинг эътибори ушбу низоларни қонунда белгиланган муддатларда кўриб ҳал қилиш зарурлигига ва ишларни кўришда сансоларликка йўл қўймасликка қаратилсин.

17. Судлар қонун билан ман этилган, ҳақиқатга тўғри келмайдиган маълумотлар тарқатилишининг олдини олиш мақсадида, бадном қилувчи маълумотлар тарқатилганлиги сабабларини синчковлик билан аниқлашлари, бажарилиши устидан тегишли назорат ўрнатган ҳолда хусусий ажрим чиқаришлари лозим.

1992 йил 19 июнь,

5-сон

Main index

More Apps