NaNa Law Library세계 법령포털

UZ · act · uz-Cyrl

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИДА МУЛКЧИЛИК ТЎҒРИСИДА

Official consolidated HTML snapshot retrieved 2026-10-25; exact edition and current-force status not independently verified. Source publication references: (Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг Ахборотномаси, 1990 й., 31-33-сон, 371-модда; 1991 й., 11-сон, 273-модда; 1993 й., 5-сон, 235-модда; 1994 й., 11-12-сон, 285-модда; Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 1995 й., 6-сон, 118-модда; 1997 й., 2-сон, 56-модда; 2003 й., 1-сон, 8-модда; Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2017 й., 37-сон, 978-модда; Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 21.04.2021 й., 03/21/683/0375-сон; 25.10.2023 й., 03/23/871/0797-сон; 09.09.2024 й., 03/24/957/0689-сон; 07.02.2025 й., 03/25/1025/0116-сон; 17.03.2026 й., 03/26/1122/0250-сон)

Official source / 공식 원문

Publisher
LexUZ — National Database of Legislation of the Republic of Uzbekistan, Ministry of Justice
Retrieved
2026-10-25T06:57:36.201147Z
Reuse
Uzbekistan Law No OʻRQ-42 of 20 July 2006, Article 8: official legislative documents excluded from copyright. Only official statutory body included; editorial additions excluded. · Reuse terms
Source SHA-256
dd7a13ec696b94d65412146cfcff942ab9d4e54a518853d679609dc6fcda76dc
Text SHA-256
3b56ec26a5453435090dc788ffe84aed3a6070aa2a4f4d5a4834094bf3d55390

Source: LexUZ, National Database of Legislation of Uzbekistan (Ministry of Justice). Official issuer/signature: Ўзбекистон Республикасининг Президенти И. Каримов. Source URL: https://lex.uz/acts/111466. Converted HTML to plain text; editorial notes, indices, scripts, images, and design excluded; no translation.

Reuse conditions

Changes: Official response converted to original Uzbek Cyrillic plain text; navigation, images, scripts, site design, LexUZ commentary, indices and editorial amendment notes excluded. No translation.

Original-language source text; no translation. HTML text extraction may not preserve tables, forms or reading order. Independent, unofficial reproduction. Check the official source for legal force, version and complete formatting.

Ўзбекистон Республикасининг қонуни

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИДА МУЛКЧИЛИК ТЎҒРИСИДА

Ўзбекистон Республикасида мулк дахлсиздир. Ҳар бир шахс мулкдор бўлишга ҳақли.

Ўзбекистон Республикасида иқтисодиётнинг самарали амал қилишига ва халқ фаровонлигининг ўсишига имконият яратувчи ҳар қандай шаклдаги мулкчилик бўлишига рухсат берилади. Мулкчиликнинг ҳамма шакллари дахлсиз бўлишига ва уларнинг ривожланиши учун тенг шароит яратилишига қонун кафолат беради.

Ўзбекистон Республикаси мулкдорга қарашли бўлган мол-мулкни сақлаш ва кўпайтириб бориш учун барча зарур шароитларни яратиб беради.

I БЎЛИМ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР

1-модда. Мулкий ҳуқуқ

1. Ўзбекистон Республикасида мулкий ҳуқуқ тан олинади ва қонун билан муҳофаза этилади.

2. Мулкдор ўзига тегишли мол-мулкка ўз ихтиёрига кўра эгалик қилади, ундан фойдаланади ва уни тасарруф этади.

Мулкдор ўз мол-мулкига нисбатан қонунга зид бўлмаган ҳар қандай хатти-ҳаракатларни қилишга ҳақлидир. У мулкдан қонун ҳужжатлари билан тақиқланмаган ҳар қандай хўжалик ёки бошқа фаолиятни амалга оширишда фойдаланиши мумкин.

3. Мулкдор ўзига қарашли мол-мулкка эгалик қилиш, ундан фойдаланиш ва уни тасарруф қилиш ҳуқуқини бошқа шахсларга беришга фақат ўзи ҳақлидир. Ўзбекистон Республикаси қонунларида кўзда тутилган ҳолларда, мулкдорнинг зиммасига бошқа шахсларнинг унинг мулкидан чекланган тарзда фойдаланишига йўл қўйиш вазифаси юкланиши мумкин.

4. Мулкдор Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларида кўзда тутилган шартлар ва доира чегарасида ўзига тегишли мулкий ҳуқуқни амалга ошириш пайтида фуқароларнинг меҳнатидан фойдаланиш тўғрисида улар билан шартнома тузишга ҳақлидир.

Фуқаронинг меҳнатидан фойдаланишга асос бўлган мулкнинг қай шаклда эканлигидан қатьий назар, фуқаро Ўзбекистон Республикасининг Конституциясида ва бошқа қонун ҳужжатларида назарда тутилган ижтимоий-иқтисодий ҳуқуқлар ва кафолатлар билан таъминланади.

5. Мулкий ҳуқуқнинг амалга оширилиши атроф-муҳитга зарар етказмаслиги, жисмоний, юридик шахсларнинг ва давлатнинг ҳуқуқларини бузмаслиги ҳамда қонун билан муҳофаза қилинадиган манфаатларига путур етказмаслиги керак.

2-модда. Мулкчилик тўғрисидаги қонунчилик

1. Ўзбекистон Республикасида мулкчиликка доир муносабатлар Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси, ушбу Қонун ҳамда Ўзбекистон Республикасининг бошқа қонунчилик ҳужжатлари билан тартибга солиб турилади.

2. Қорақалпоғистон Республикасида мулкка доир муносабатлар, шунингдек Қорақалпоғистон Республикаси қонунчилиги билан ҳам тартибга солиб турилади.

3-модда. Мулкий ҳуқуқ объектлари

1. Қуйидагилар мулк объектларидир:

Ўзбекистон Республикаси ҳудудидаги ер, ер ости бойликлари, ички сувлар, ҳаво ҳавзаси, ўсимлик ва ҳайвонот дунёси, иморатлар ва иншоотлар, маҳсулотлар, турар жой ва квартиралар, маҳсулот белгилари, саноат намуналари, ихтиролар, фойдали моделлар, саноат намуналари, интеграл микросхемаларнинг топологияси, селекция ютуқлари, маҳсулот белгилари ва хизмат кўрсатиш белгилари, асбоб-ускуналар, моддий ва маънавий маданият буюмлари, пуллар, қимматли қоғозлар ва бошқа мол-мулклар; инсоннинг меҳнат қилиш қобилияти.

2. Ихтиролар, кашфиётлар, фан, адабиёт, санъат асарлари, ахборот, илмий ғоялар, техник ишланмалар ва ақлий ижоднинг бошқа объектларини яратиш ҳамда улардан фойдаланиш хусусидаги муносабатлар Ўзбекистон Республикасининг махсус қонунчилиги билан тартибга солинади.

3. Тарих ва маданият ёдгорликларига мулкий ҳуқуқни амалга ошириш Ўзбекистон Республикасининг махсус қонунчилиги билан белгилаб берилади.

4. Мол-мулкдан хўжаликда фойдаланиш натижалари (маҳсулот ва даромадлар), қонунлар ёки шартномада бошқа тартиб кўзда тутилмаган бўлса, шу мол-мулк эгасига тегишлидир.

4-модда. Мулкий ҳуқуқ субъектлари

Ўзбекистон Республикаси фуқаролари, жамоалар, уларнинг бирлашмалари, жамоат ташкилотлари ва диний ташкилотлар, фуқароларнинг оилавий ва ўзга бирлашмалари, маҳаллий ўзини ўзи бошқариш идоралари, халқ депутатларининг барча бўғиндаги Кенгашлари ҳамда улар ваколат берган давлат бошқаруви идоралари, бошқа давлатлар, халқаро ташкилотлар, бошқа давлатларнинг юридик шахслари ва фуқаролари, фуқаролиги бўлмаган шахслар мулкий ҳуқуқ субъектларидир. Турли юридик шахслар ва фуқаролар, шунингдек фуқаролиги бўлмаган шахслар айнан битта мулкнинг субъектлари бўлиши мумкин.

5-модда. Мулк шакллари

1. Ўзбекистон Республикасида мулк қуйидаги шаклларда бўлади:

хусусий мулк;

ширкат (жамоа) мулки;

маъмурий-ҳудудий тузилмаларнинг мулкидан (муниципал мулкдан) иборат давлат мулки;

аралаш мулк;

бошқа давлатлар ҳамда халқаро ташкилотлар юридик ва жисмоний шахсларининг мулки.

2. Ўзбекистон Республикаси барча мулк шаклларининг тенг ҳуқуқлилигини ва ҳуқуқий жиҳатдан муҳофаза этилишини кафолатлайди.

6-модда. Ҳақ ундириб олишни мулкдорнинг мол-мулкига қаратиш

1. Юридик шахснинг мажбуриятлари бўйича ҳақ ундириб олиш мулк ҳуқуқи, тўла хўжалик юритиш ёки оператив бошқариш ҳуқуқи асосида унга тегишли бўлган мол-мулкка қаратилиши мумкин.

Мулкдор ўзи вужудга келтирган юридик шахсларнинг мажбуриятлари юзасидан жавобгар бўлмайди, бу юридик шахслар эса мулкдорнинг мажбуриятлари юзасидан жавобгар бўлмайди. Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларида кўзда тутилган ҳоллар бундан мустасно.

2. Жисмоний шахслар ўз мажбуриятлари бўйича мулкий ҳуқуқ асосида ўзларига тегишли бўлган мол-мулк билан жавоб берадилар.

Жисмоний шахсларнинг қарз берувчилар даъволарига биноан ҳақ ундириш тарзида олиб қўйилиши мумкин бўлмаган мол-мулклари рўйхати Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари билан белгилаб қўйилади.

II БЎЛИМ. ХУСУСИЙ МУЛК

7-модда. Хусусий мулк

1. Хусусий мулк ўз мол-мулкига хусусий тарзда эгалик қилиш, ундан фойдаланиш ва уни тасарруф этиш ҳуқуқидан иборатдир. Хусусий мулк мулкдорнинг ишлаб чиқариш жараёнида ва (ёки) ёлланма меҳнатни қўллашда шахсан бевосита иштирок этишига асосланиши мумкин.

2. Хусусий мулк бошқа мулк шакллари каби дахлсиз ва давлат ҳимоясидадир. Мулкдор ўз мулкидан фақат қонунда назарда тутилган ҳолларда ва тартибдагина маҳрум этилиши мумкин.

3. Хусусий мулк фуқароларнинг ёлланиб ишлашдан, тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланишдан олган даромадлари ҳамда кредит муассасаларига қўйган маблағларидан, акциялар ва бошқа қимматли қоғозлардан келган даромадлардан, мерос бўйича ва амалдаги қонун ҳужжатларида ман этилмаган ўзга асосларга мувофиқ мол-мулкка эга бўлишлари ҳисобига ҳосил этилади ва кўпайиб боради. Фуқароларнинг хусусий мулки уларнинг давлат мулкини хусусийлаштиришда иштирок этиши ҳисобидан вужудга келтирилишига ҳам йўл қўйилади.

4. Фуқаро ўзининг меҳнат қилиш қобилияти – ишчи кучини тасарруф этишда мутлақ ҳуқуққа эга. У бу ҳуқуқни мустақил тарзда ёки шартнома (битим, аҳдлашув) асосида амалга оширади.

5. Уй-жой кооперативининг, уй-жой қуриш, дала ҳовли, гараж кооперативи ёки бошқа кооперативнинг аъзоси фойдаланиш учун ўзига бериб қўйилган квартира, дала ҳовли, гараж ёхуд бошқа иморат ёки бино учун пай бадалини батамом тўлагач шу мол-мулкка нисбатан мулкий ҳуқуқни қўлга киритади.

«Тошуйжойжамғармабанк»нинг эгаси кўрсатилган облигацияларига эга бўлган шахс имтиёзли кредитни тўлиқ узса ёки сотиб олинаётган квартира қийматини тўлиқ тўласа, ана шу квартиранинг ҳуқуқини қўлга киритади;

Давлат ва идоравий уй-жой фондининг уйидан турар жойни ижарага олган ижарачи ва унинг оила аъзолари мулкдордан тегишли квартира ёки уйни (уйнинг бир қисмини) сотиб олишга ҳақлидир.

Мазкур мол-мулкни мулк қилиб сотиб олганидан кейин фуқаро уни ўз хоҳишига кўра тасарруф этишга — сотишга, васият қилиб қолдиришга, ижарага беришга, ундан гаров сифатида фойдаланишга, унга доир қонунга зид бўлмаган бошқа битимлар тузишга ҳақлидир.

6. Хусусий мулк ўз мол-мулкини сармоя сифатида ўртага қўйиш, давлат, кооператив ва ўзга корхоналарнинг мол-мулкини, ижарага олинган мол-мулкни сотиб олиш, мол-мулкни ким ошди савдосида ёки қонунда йўл қўйиладиган ўзга асосларда харид этиш асносида юзага келади.

7. Хусусий мулк бўлиши мумкин бўлмаган объектлар Ўзбекистон Республикаси қонунчилиги билан белгилаб қўйилади.

8. Қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер участкалари қонунчиликда назарда тутилган тартибда ҳамда шартларда юридик ва жисмоний шахсларнинг хусусий мулки қилиб берилиши мумкин.

III БЎЛИМ. ШИРКАТ (ЖАМОА) МУЛКИ

8-модда. Умумий қоидалар

1. Ширкат (жамоа) мулки оилавий мулкни, маҳалла мулкини, шунингдек кооперативларнинг, ижара, жамоа корхоналарининг мулкини, жамоат ташкилотлари ва диний ташкилотларнинг, турли хўжалик жамиятлари ва ширкатларининг, ассоциациялар ва юридик шахс ҳисобланган бошқа бирлашмаларнинг мулкини ўз ичига олади.

2. Коллектив мулкнинг ҳосил бўлиши ва кўпайиб бориши меҳнаткашлар коллективларига олинган даромадлардан давлат мол-мулкини сотиб олиш учун фойдаланиш имконини бериш, фуқароларнинг ва юридик шахсларнинг мол-мулкини кооперативлар, бошқа хўжалик жамиятлари ҳамда ширкатларини тузиш учун ихтиёрий равишда бирлаштириш билан таъминланади.

3. Жамоа мулкининг турли шаклларига берилмайдиган мол-мулкнинг рўйхатини Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси белгилайди.

9-модда. Оилавий мулк

Оила аъзоларининг мулки оилавий мулкдир. Бу мулк оила аъзоларининг эҳтиёжларини қондириш, уй-рўзғор ва ёрдамчи хўжаликни юритиш учун ҳамда даромад олиш мақсадида қонунда рухсат берилган, ўзга фаолият учун керакли ишлаб чиқариш воситаларини ва истеъмол буюмларини, яратилган маҳсулотларни ўз ичига олиши мумкин.

Оилавий мулк ҳуқуқи ўз субъектларининг ҳар бирига айнан тегишли бўлган хусусий мулкдан иборат бўлиши мумкин.

10-модда. Маҳалла мулки

1. Ижтимоий ўз-ўзини бошқаришнинг бошланғич бўғинлари — маҳаллалар эгалик қиладиган, фойдаланиладиган ва тасарруф этадиган мол-мулк, маҳалла аҳолисининг биргаликдаги меҳнат фаолияти ёки уларнинг муштарак даромадлари, шунингдек мазкур мол-мулкдан хўжалик мақсадларида фойдаланишдан келган тушумлар, юридик ва жисмоний шахсларнинг ихтиёрий бадаллари, моддий ва хайрия йўсинидаги ёрдамлари, халқ депутатлари маҳаллий Советлари берадиган моддий ва молиявий ресурслар асосида вужудга келтирилган мол-мулкдан иборат.

2. Маҳаллада истиқомат қилувчи аҳоли маҳалла мулкининг субъектидир. Ўзи сайлаб қўйган органлар — маҳалла мулкини тўла хўжалик юритиш асосида эгаллайди, ундан фойдаланади ва тасарруф этади.

11-модда. Кооператив мулк

1. Хўжаликни биргаликда юритиш ёки бошқа фаолият билан шуғулланиш учун аъзолик асосида ихтиёрий бирлашган фуқароларнинг биргаликдаги мулки — кооператив мулкдир.

2. Кооператив мулк унинг аъзолари берган пул ёҳуд бошқа мол-мулк шаклидаги бадаллар, улар ишлаб чиқарилган маҳсулот ва уни сотишдан ҳамда кооператив уставидан назарда тутилган бошқа фаолиятдан келадиган даромад ҳисобига ташкил топади ва кўпайиб боради.

3. Кооператив тугатилган тақдирда бюджет, банклар ва бошқа қарз берувчилар билан ҳисоб-китоб қилингандан кейин қолган мол-мулк кооператив аъзолари ўртасида уставда назарда тутилган тартибда тақсимланади.

12-модда. Ижарага олинган корхона мулки

Ишлаб чиқарилган маҳсулот, олинган даромадлар ва ижарага олинган корхона маблағи ҳисобидан қўлга киритилган бошқа мол-мулк шу корхона коллективининг мулкидир.

Ижарага олинган корхона меҳнат коллективи аъзоларининг коллектив ишларини идора қилишда иштирок этиш ҳамда фойда (даромад)ни тақсимлаш тартиби ва шартлари Ўзбекистон Республикасининг ижара тўғрисидаги қонунчилиги асосида белгиланади.

13-модда. Коллектив корхонасининг мулки

1. Коллектив корхонасининг мулки ижарага олинган мол-мулк сотиб олинган ёки қонунда назарда тутилган бошқа усуллар билан мол-мулк қўлга киритилган тақдирда юзага келади.

Коллектив корхонасининг мол-мулки, шу жумладан ишлаб чиқарилган маҳсулот ва олинган даромадлар коллективнинг умумий мулкидир.

2. Коллектив корхонасининг мол-мулки таркибида унинг ходимлари қўшган ҳиссалар белгилаб қўйилади. Бундай ҳисса таркибига ходимларнинг коллектив корхонаси вужудга келишига асос бўлган ижарага олинган корхона мулкига қўшган умумий суммаси, шунингдек мазкур корхона вужудга келтирилганидан кейин ходим корхона мол-мулкини кўпайтиришга қўшган улушлари киради.

Ходимнинг мол-мулкни кўпайтиришга қўшган улуши миқдори корхона фаолиятида ўз меҳнати билан иштирок этганига қараб аниқланади ҳамда хўжалик фаолияти натижаларига асосланиб шу улушга меҳнат коллективи белгилайдиган миқдорда процентлар ажратилади ва тўланади.

Корхона билан меҳнат муносабатларини тўхтатган ходимга, шунингдек вафот этган ходимнинг ворисларига қўшилган ҳиссасининг қиймати берилади.

Коллектив корхонаси тугатилган тақдирда ҳиссанинг қиймати ходимларга (уларнинг ворисларига) бюджет, банклар билан ва бошқа қарз берувчилар билан ҳисоб-китоб қилингандан кейин қолган мол-мулкдан тўланади.

14-модда. Хўжалик жамияти ва ширкатининг мулки

1. Юридик шахс ҳисобланган хўжалик жамияти ва ширкатининг мулки қатнашчиларнинг қўшган ҳиссаси ҳисобидан, хўжалик фаолияти натижасида олинган ҳамда қонунда ман этилмаган бошқа асосларда улар томонидан қўлга киритилган мол-мулкдан ҳосил бўлади.

2. Хўжалик жамияти ва ширкати қатнашчиси қўшган ҳисса таркибига асосий ва ахборот фондлар, пул маблағлари ва қимматли қоғозлар, ўзга мол-мулк ҳамда мулкий ҳуқуқлар кириши мумкин.

3. Юридик ва жисмоний шахслар, давлат бошқаруви идоралари, башарти, Ўзбекистон Республикасининг қонун ҳужжатларида бошқа қоида назарда тутилмаган бўлса, хўжалик жамиятининг ва ширкатининг қатнашчилари бўлиши мумкин.

4. Акцияли жамият акциялар сотиш ҳисобига ҳосил бўлган, шунингдек ўз хўжалик фаолияти натижасида олинган ва қонунда ман этилмаган бошқа асосларга биноан қўлга киритилган мол-мулкнинг эгасидир.

Корхоналар, муассасалар, ташкилотлар, давлат бошқаруви идоралари, Ўзбекистон Республикаси фуқаролари, ажнабий давлатларнинг юридик ва жисмоний шахслари, башарти, Ўзбекистон Республикасининг қонун ҳужжатларида бошқа қоида назарда тутилмаган бўлса, акция эгалари бўлишлари мумкин.

15-модда. Хўжалик уюшмалари (бирлашмалари)нинг мулки

1. Корхона ва ташкилотларнинг хўжалик уюшмаси (шу жумладан концерн, тармоқ, тармоқлараро ва ҳудудий бирлашма) унга корхона ва ташкилотлар ихтиёрий равишда берган, шунингдек унинг ўз хўжалик фаолияти натижасида олинган мол-мулкнинг эгасидир.

2. Хўжалик уюшмаси унга кирувчи корхона ва ташкилотларнинг мол-мулкига эгалик қилиш ҳуқуқига эга эмас.

3. Хўжалик уюшмасининг фаолияти тўхтатилгандан кейин қолган мол-мулк унга кирган корхона ва ташкилотлар ўртасида келишув асосида ҳамда уларнинг қўшган ҳиссаларини (улушларини) эътиборга олган ҳолда тақсимланади.

16-модда. Жамоат бирлашмаларининг мулки

1. Жамоат бирлашмалари (сиёсий партиялар, оммавий ҳаракатлар, шу жумладан халқ фронтлари, касаба уюшмалари, хотин-қизлар, ветеранлар, ёшлар ва болалар ташкилотлари, кўнгилли жамиятлар, ижодий иттифоқлар, фондлар, уюшмалар ва фуқароларнинг бошқа бирлашмалари)нинг мулкида улар уставларида кўзда тутилган фаолиятни моддий жиҳатдан таъминлаш учун зарур бўлган бинолар, иншоотлар, уй-жой фонди, асбоб-ускуналар, маданий маърифий ва соғломлаштириш мақсадларига хизмат қиладиган мол-мулк, пул маблағлари, қимматли қоғозлар ва мол-мулк бўлиши мумкин.

Жамоат бирлашмалари мулкида, шу бирлашмалар маблағлари ҳисобидан уларнинг уставларида кўрсатилган мақсадларга мувофиқ вужудга келтириладиган корхоналар ҳам бўлиши мумкин.

Жамоат бирлашмаларининг пул маблағлари аъзо бўлиш ва аъзолик бадалларидан, ихтиёрий бадаллар, хайр-эҳсонлар; ўтказилган лотереялардан тушган маблағлар; ишлаб чиқариш-хўжалик ва ноширлик фаолиятидан олинган даромадлар; қонунда тақиқланмаган бошқа тушумлар ҳисобидан ташкил этилади.

Уюшмалар ва уларга кирувчи бирлашмаларнинг шу уюшмаларга қарашли мол-мулкдан фойдаланиш ва уни тасарруф этиш соҳасидаги ваколатлари уюшмалар ва бирлашмаларнинг уставлари билан белгиланади.

Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларида миллий хавфсизлик манфаатларини кўзлаб ёки Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларига мувофиқ жамоат уюшмаларининг мулки бўла олмайдиган мол-мулк турлари белгилаб қўйилиши мумкин.

Жамоат уюшмалари ўз уставларида ёзиб қўйилган мақсадлар ва вазифаларга мувофиқ ҳамда қонунчиликда белгиланадиган тартибда ўзга давлатлардан келадиган пул маблағларини ҳамда бошқа мол-мулкни олишлари мумкин.

Сиёсий мақсадларни кўзлайдиган партиялар ва ижтимоий ҳаракатлар ўзга давлатларнинг юридик ва жисмоний шахсларидан молиявий ва ўзга моддий ёрдам олишга ҳақли эмаслар.

2. Жамоат уюшмалари тугатилганидан кейин қолган мол-мулк унинг уставидан кўзда тутилган мақсадларда ишлатилади.

17-модда. Диний ташкилотларнинг мулки

1. Диний ташкилотларнинг мулкида бинолар, диний фаолиятга доир буюмлар, ишлаб чиқариш, ижтимоий ва хайрия аҳамиятига эга бўлган объектлар, диний ташкилотларнинг фаолиятини таъминлаш учун зарур бўлган пул маблағлари ва бошқа мол-мулк бўлиши мумкин.

Диний ташкилотлар ўз маблағига сотиб олган ва барпо этган, фуқаролар, ташкилотлар эҳсон қилган ёки давлат томонидан берилган ва қонунда ман этилмаган бошқа асосларга биноан қўлга киритилган мол-мулкка эгалик қилишга ҳақлидирлар.

Диний ташкилотлар Ўзбекистон Республикаси сарҳадларидан ташқарида бўлган мол-мулкка эгалик қилишлари мумкин.

Ўзбекистон Республикасида хайрия мақсадларида мол-мулк беришга йўл қўйилади.

Диний ташкилотлар ихтиёрий суратда молиявий ва бошқа хайр-эҳсон қилишни сўраб мурожаат этишга ва уларни олишга ҳақлидирлар.

2. Диний ташкилотларга тушадиган молиявий ва мол-мулк тарзидаги хайр-эҳсонлар, шунингдек фуқаролардан келадиган пул тушумларининг ҳамма турларига солиқ солинмайди.

IV БЎЛИМ. ДАВЛАТ МУЛКИ

18-модда. Умумий қоидалар

1. Ўзбекистон Республикасининг давлат мулкига маъмурий-ҳудудий тузилмаларнинг мулки (муниципал мулк) киради. Давлат мулкини тасарруф этиш ва бошқаришни халқ (маъмурий-ҳудудий тузилма аҳолиси) номидан тегишли халқ депутатлари Кенгашлари ва улар ваколат берган давлат бошқаруви идоралари амалга оширадилар.

2. Ўзбекистон Республикасининг, маъмурий-ҳудудий тузилманинг бюджет ёки бошқа маблағлари ёхуд улар ихтиёридаги корхоналар, ташкилотлар ва муассасаларнинг маблағи ҳисобига ҳосил қилинадиган ёки сотиб олинадиган мулк тегишли равишда Ўзбекистон Республикасининг мулки ёки маъмурий-ҳудудий тузилманинг мулки бўлади.

3. Ўзбекистон Республикаси ўз маъмурий-ҳудудий тузилмаларининг мажбуриятлари бўйича жавоб бермайди. Маъмурий-ҳудудий тузилма эса Ўзбекистон Республикасининг мажбуриятлари бўйича жавоб бермайди.

4. Ўзбекистон Республикаси бошқа давлатлар билан ҳамкорликда мол-мулкка ва хўжалик фаолияти натижаларига ҳар бир давлатнинг маълум улушда эгалик ҳуқуқи асосида мулк ҳосил қилиши мумкин.

Давлатлараро манфаатларга дахлдор бўлган сув ресурсларидан, ҳаво ҳавзасидан ва бошқа мулк шаклларидан фойдаланиш улар ўртасидаги келишувга мувофиқ амалга оширилади.

19-модда. Давлат мулкининг объектлари

1. Ўзбекистон Республикасининг мутлақо мулкига:

ер ( қонунчиликда назарда тутилган ҳолларда, тартибда ва шартларда мулк қилиб берилган ерлардан ташқари), ер ости бойликлари, ички сувлар, республика ҳудуди доирасидаги ҳаво ҳавзаси, ўсимлик ва ҳайвонот дунёси;

Ўзбекистон Республикаси давлат ҳокимияти ва бошқарув органларининг мол-мулки;

жумҳурият халқларининг маданият ва тарихий бойликлари;

жумҳурият бюджетининг маблағлари, жумҳурият ва давлат аҳамиятидаги банклар, суғурта, резерв фондлари ва бошқа давлат фондлари;

давлат аҳамиятига молик корхоналар, давлат олий таълим ташкилотлари, ижтимоий-маданий соҳа объектлари ҳамда давлатнинг республика истиқлолини ва иқтисодий мустақиллигини таъминловчи бошқа мол-мулклари киради.

2. Давлат талаб-эҳтиёжларини таъминлаш учун Қорақалпоғистон Республикаси томонидан ер майдонлари ҳамда бошқа табиий захиралар ва объектларни бериш тартиби Қорақалпоғистон Республикаси билан Ўзбекистон Республикаси ўртасидаги шартномада белгилаб қўйилади.

20-модда. Давлат мулкининг субъекти

Ўзбекистон Республикаси халқи давлат мулкининг субъектидир. Мулкий ҳуқуқни халқ номидан Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгаши, Ўзбекистон Республикаси Президенти ва улар ваколат берган давлат бошқаруви органлари амалга оширади.

21-модда. Ўзбекистон Республикаси субъектларининг республика сарҳадларидан ташқаридаги мулки

Ўзбекистон Республикасининг республика сарҳадларидан ташқаридаги давлат мулки ҳисобланган мол-мулкка эгалик қилиш, ундан фойдаланиш ва уни тасарруф этиш Ўзбекистон Республикаси қонунчилиги ҳамда мол-мулк қайси давлатда жойлашган бўлса, шу давлатнинг қонунлари, шунингдек халқаро ҳуқуқ меъёрлари билан тартибга солиб турилади.

22-модда. Маъмурий-ҳудудий тузилма мулки (муниципал мулк) объектлари

Маҳаллий бюджет ҳисобидан вужудга келтирилган ҳамда сотиб олинган, шунингдек давлат мулкидан ўтказилган ва маҳаллий аҳамиятга молик бўлган мол-мулк вилоят, туман, шаҳар ёки бошқа маъмурий-ҳудудий тузилма мулкининг объектидир. Давлатнинг мутлақ мулкига тааллуқли объектлар муниципал мулк ҳисобланмайди.

23-модда. Маъмурий-ҳудудий тузилма мулкининг субъектлари (муниципал мулк)

Тегишли маъмурий-ҳудудий тузилманинг аҳолиси муниципал мулкнинг субъектидир. Мулкий ҳуқуқни рўёбга чиқаришни Ўзбекистон Республикасидаги халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари амалга оширадилар.

26-модда. Давлат муассасасининг мол-мулки

1. Давлат мулки бўлган ва мулкдор томонидан давлат бюджетида турувчи давлат муассасасига (ташкилотига) бириктириб қўйилган мол-мулк шу муассаса (ташкилот)нинг оператив бошқарувида бўлади.

2. Давлат бюджетида турувчи ва Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳолларда хўжалик фаолиятни амалга оширишлари мумкин бўлган давлат муассасалари (ташкилотлари) ана шундай фаолиятдан келган даромадларни ва шу даромадлар ҳисобидан орттирилган мол-мулкларни мустақил тасарруф этиш ҳуқуқига эга бўладилар.

3. Давлат муассасаси (ташкилоти) ўз мажбуриятлари юзасидан ўз эгалигидаги пул маблағлари билан жавоб беради. Давлат муассасасининг (ташкилотининг) маблағи етарли бўлмаган тақдирда унинг мажбуриятлари бўйича тегишли мулкнинг эгаси жавобгар бўлади.

V БЎЛИМ. АРАЛАШ МУЛК

27-модда. Аралаш мулк ҳуқуқи

Мулкнинг аралаш шакллари мулкдорларнинг моддий ва пул маблағларини бирлаштириш йўли билан ҳосил қилинади. Аралаш мол-мулкка эгалик қилиш ҳиссавий иштирок этиш принципи асосида ҳам, шунингдек ўз маблағларини бирлаштирган мулкдорлар ўртасида даромадларни қўшган улушига қараб тақсимлаш асосида ва томонларнинг келишуви билан ҳам амалга оширилиши мумкин.

Аралаш мулкнинг ўз маблағларини бирлаштираётган мулкдорларнинг мақоми билан белгиланадиган ҳар хил турлари бўлади. Ўзбекистон Республикаси ва бошқа давлатларнинг, турли юридик ва жисмоний шахсларнинг мол-мулкини бирлаштиришга йўл қўйилади.

27-1-модда. Давлат мол-мулкини хусусийлаштириш

Ўзбекистон Республикасининг ёки маъмурий-ҳудудий тузилмаларнинг мулки (муниципал мулк) бўлган давлат кўчмас мулк объектлари, давлат улушлари (акциялари) ва давлат муассасалари давлат мулкини хусусийлаштириш тўғрисидаги қонунчиликда белгилаб қўйилган тартиб ва шартлар асосида жисмоний ҳамда нодавлат юридик шахсларга тўлиқ ёки қисман хусусий мулк қилиб реализация қилиниши мумкин, бундан давлат мулкини бошқариш тўғрисидаги қонунчиликда назарда тутилган, хусусийлаштирилмайдиган давлат мулки мустасно.

VI БЎЛИМ. АЖНАБИЙ ФУҚАРОЛАР, ТАШКИЛОТЛАР ВА ДАВЛАТЛАРНИНГ МУЛКИ

29-модда. Чет эл фуқароларининг мулки

Чет эл фуқаролари Ўзбекистон Республикаси ҳудудидаги мулкларига эгалик ҳуқуқига эгалар. Давлат бу мулкнинг дахлсизлигини ва бошқа давлатларга эркин ўтказилишини кафолатлайди.

30-модда. Чет эл юридик шахсларининг мулки

Чет эл юридик шахслари Ўзбекистон Республикаси ҳудудида хўжалик фаолиятларини ва Ўзбекистон Республикаси қонунчилигида ман этилмаган бошқа фаолиятни амалга ошириш учун зарур бўладиган ўз мулкларига эга бўлишга ҳақлидирлар. Чет эл юридик шахсларининг мулки давлат томонидан муҳофаза этилади. Мулкни кўпайтириш ва бошқа давлатларга ўтказиш қонунан таъминланади.

31-модда. Ажнабий давлатлар ва халқаро ташкилотларнинг мулки

Ажнабий давлатлар ва халқаро ташкилотлар Ўзбекистон Республикаси ҳудудида халқаро шартномаларда ҳамда Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларида белгиланган ҳолларда ва тартибда дипломатик, консуллик, ижтимоий-маданий, хайрия ва бошқа халқаро муносабатларни амалга ошириш учун зарур мол-мулкка эгалик қилишга ҳақлидирлар. Уларнинг мол-мулкини асраш, кўпайтириш ва бошқа давлатларга ўтказиш имкониятлари кафолатланади.

VII БЎЛИМ. МУЛКИЙ ҲУҚУҚНИНГ КАФОЛАТИ ВА ҲИМОЯ ҚИЛИНИШИ

32-модда. Мулкий ҳуқуқнинг кафолати

1. Ўзбекистон Республикаси мулкий ҳуқуқни амалга оширишни кафолатлайди, мулкдорнинг конституциявий ҳуқуқларини таъминлайди. Ўзбекистон Республикаси қонунчилигида назарда тутилган ҳолларни истисно этганда, мол-мулкни кўпайтиришни чеклашга ҳамда уни мажбуран тортиб олишга йўл қўйилмайди.

2. Ўзбекистон Республикасининг ва бошқа давлатларнинг юридик ҳамда жисмоний шахсларига мулкий ҳуқуқларини ҳимоя қилишда Ўзбекистон Республикаси тенг шароитлар яратиб беради.

33-модда. Мулкий ҳуқуқнинг ҳимоя қилиниши

1. Мулкдор ўзга шахс томонидан қонунга хилоф равишда эгаллаб олинган мол-мулкини Ўзбекистон Республикаси фуқаролик қонунчилигига мувофиқ талаб қилиб қайтариб олиш ҳуқуқига эгадир.

2. Мулкдор ўз ҳуқуқини ҳар қандай бузишларни, гарчи бундай бузишлар уни мулкка эгалик қилиш ҳуқуқидан маҳрум этиш билан боғлиқ бўлмаса-да, бартараф этишни талаб қилиши мумкин.

3. Мулкий ҳуқуқни ҳимоя қилиш суд томонидан амалга оширилади.

4. Ушбу моддада кўзда тутилган ҳуқуқлар гарчи мулкдор бўлмаса ҳам, мулкдан оператив бошқариш, мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик қилиш ёки қонунда ёхуд шартномада кўзда тутилган бошқа ҳолларда, мол-мулкка эгалик қилувчи шахсга ҳам тааллуқлидир. Бу шахс ўз эгалигини мулкдордан ҳам ҳимоя қилиш ҳуқуқига эга.

34-модда. Мулкдорнинг ҳуқуқи қонуний равишда тўхтатилган тақдирда унинг манфаатларини ҳимоя қилиш

1. Мулкдорга қарашли уй, бошқа бинолар, иншоотлар, дов-дарахтлар жойлашган ер участкасини олиб қўйиш ҳақида қарор қабул қилиниши муносабати билан ёки давлат идорасининг мулкдор мол-мулкини бевосита олиб қўйишга қаратилмаган бошқа қарори муносабати билан мулкдорнинг ҳуқуқини тўхтатиб қўйишга фақат Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларида белгиланган ҳолларда ва тартибдагина йўл қўйилади. Бунда мулк ҳуқуқи тўхтатилиши оқибатида етказилган зарар мулкдорга батамом тўланади.

Мулкдор норози бўлган тақдирда низо суд томонидан ҳал этилмагунича, мулк ҳуқуқининг тўхтатилишига олиб борадиган қарор амалга оширилиши мумкин эмас. Мулкдорга етказилган зарарни қоплаш билан боғлиқ барча масалалар ҳам низони кўриб чиқиш жараёнида ҳал этилади.

2. Мулкдор мол-мулкининг давлат томонидан олиб қўйилишига мулкдорнинг мажбуриятлари бўйича ҳақ ундириш шу мулкка қаратилган тақдирдагина Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларида кўзда тутилган ҳолларда ва тартибда, шунингдек реквизиция ва мусодара тартибида йўл қўйилади.

Табиий офатлар, фалокатлар, юқумли касалликларнинг тарқалиши, ҳайвонларда касалликнинг кенг ёйилиши ва фавқулодда рўй берадиган бошқа ҳолатларда мол-мулк давлат ҳокимияти идораларининг қарорига биноан жамият манфаатларини кўзлаган ҳолда мулкдордан Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ва шартлар билан мажбурий тарзда олиб қўйилиши (реквизиция қилиниши) мумкин ва унга мулкнинг қиймати тўланади.

Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларида кўзда тутилган ҳолларда суднинг қарорига биноан мол-мулк мусодара қилиниши мумкин.

35-модда. Мулкдорларнинг ҳуқуқини бузувчи ҳужжатларнинг ҳақиқий эмаслиги

Давлат бошқаруви идораси ёки давлат ҳокимияти маҳаллий идораси томонидан қонунга хилоф бўлган ҳужжатнинг қабул қилиниши натижасида мулкдорнинг ва бошқа шахсларнинг ўзларига қарашли мол-мулкка эгалик қилиш, ундан фойдаланиш ёки уни тасарруф этиш борасидаги ҳуқуқлари бузилган тақдирда бундай ҳужжат мулкдорнинг ёки ҳуқуқи бузилган шахснинг даъвосига биноан суд томонидан ҳақиқий эмас, деб топилади.

Мазкур ҳужжатларни чиқариш оқибатида фуқароларга, ташкилотлар ва бошқа шахсларга етказилган зарарлар тегишли ҳокимият ёки бошқарув органи ихтиёридаги маблағ ҳисобидан тўла-тўкис қопланиши шарт.

36-модда. Давлат органларининг мулкдор ўз ваколатларини амалга оширишига аралашганлиги учун жавобгарлиги

Давлат органлари мулкдорга ёхуд бевосита бошқариш ҳуқуқи бўйича ёки қонун ёхуд шартномада назарда тутилган бошқа асосда мол-мулкка эгалик қилувчи шахсларга Ўзбекистон Республикасининг қонун ҳужжатларида назарда тутилмаган қўшимча вазифалар ёки чеклашлар белгилаб қўйишга ҳуқуқли эмас.

Давлат органлари мулкдорнинг ҳамда ушбу модданинг биринчи қисмида кўрсатиб ўтилган шахсларнинг ўз мол-мулкига эгалик қилиш, ундан фойдаланиш ва уни тасарруф этишдан иборат ҳуқуқларини амалга оширишига қонунга хилоф равишда аралашганлик оқибатида етказилган зарар учун ушбу Қонуннинг 35-моддасида назарда тутилган ҳажмда мулкий жавобгар бўладилар.

Ўзбекистон Республикасининг Президенти И. Каримов

Тошкент ш.,

1990 йил 31 октябрь,

152-XII-сон

Main index

More Apps